Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчиси фаолиятини тугатди

Жамият

image

Бугун, 23 март куни Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Мақсудов араб мамлакатидаги дипломатик миссиясини якунлаб, Ўзбекистонга қайтмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Улуғбек Мақсудов Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчихонасини 2018 йилнинг май ойидан бери бошқариб келган. Шунингдек, у бош қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили ҳам бўлган. 

Қироллик расмийлари билан ўтган хайрлашув учрашувларида сўнгги йилларда Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатлари сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланган, 2022 йил 17-18 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи ва 2023 йил 19 июль куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан қиролликда бўлгани хотирланган. 

Айни пайтда Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви, 2025 йилда эса "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқоти бўйича давлат раҳбарлари саммитига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
 
Манбага кўра, ҳозирги вақтда Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган жами сармояси 30 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Жорий йилнинг 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган 3-Тошкент халқаро инвестиция форумида Саудия Арабистони бизнесининг фаол иштироки кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Сингапур ва Австралиядаги элчиси ўз миссиясини якунлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони элчи Улуғбек Мақсудов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг