Ўзбекистоннинг илк элчиси Монако Князига ишонч ёрлиқларини топширди

Жамият

image

2025 йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистоннинг Монако Князлигига янги тайинланган биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган) Нодир Ғаниев Князь Альберт II га ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Альберт II Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини юқори баҳолаган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга содиқлиги билан танилган Монако Князи Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика бўйича йирик лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, яшил иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ва 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясининг 54 фоизини ишлаб чиқариш мақсадини эътироф этган.

Монако Князи Ўзбекистонни жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Самарқанд шаҳри UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши билан самимий табриклаган. У мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги, ташқи сиёсий фаолиятининг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистон элчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон-Монако муносабатларини янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини билдирган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Монако ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2013 йил 29 ноябрда ўрнатилган.

Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси этиб тайинланган ва 2024 йил сентябрь ойида Президент Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Дипломат шу йилнинг май ойидан буён Ўзбекистоннинг Португалиядаги элчиси лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Жанубий Африка Республикасидаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Хўжаев Претория шаҳрида жойлашган Сефако Макгато президент меҳмонхонасида Президент Сирил Рамафосага ишонч ёрлиқларини топширганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ишонч ёрлиқлари Монако Нодир Ғаниев Князи Князь Альберт II

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг