Ўзбекистоннинг 4,25 трлн сўмлик “яшил” облигациялари Лондон фонд биржасида жойлаштирилди
Жамият
−
06 Октябрь 2023
4075Ўзбекистон илк марта 4,25 трлн сўмлик яшил суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн долларлик халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк яшил суверен облигациялар ҳисобланади.
Яшил облигациялар бўйича келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, темир йўл ва метро транспортини ривожлантириш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш, шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорларни яратиш каби яшил лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Бунда лойиҳаларни танлаб олиш жараёнига БМТнинг ривожланиш дастури жалб қилинган. Яшил облигациялар дастури бўйича “Sustainalytics” томонидан иккинчи тараф ижобий хулосаси олинган.
“Ўзбекистоннинг миллий валютадаги “яшил” облигацияларига бўлган юқори талабни инобатга олиб, 3 йиллик сўмдаги халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаларини (купон тўлови) кутилган 18 фоиздан 16,25 фоизга туширишга муваффақ бўлинди. Мазкур транзакция билан сўндириш муддати жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлган 1,9 трлн сўм миқдоридаги халқаро облигациялар муддатидан олдин сўндирилди”, дейилади вазирликнинг маълумотида.
Ички молия бозорларида сўнгги ўтказилган аукционда (26 сентябрь) 2 йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича фоиз ставкалари 17,57 фоизни ташкил қилган.
Иккиламчи бозор котировкалари ҳамда инвесторлар таклифларидан келиб чиқиб, АҚШ долларидаги Ўзбекистон 5 йиллик суверен халқаро облигациялари учун дастлабки фоиз ставкаси 8,5 — 8,625 фоиз оралиғида эълон қилинди. Иккиламчи бозорда Ўзбекистоннинг 2029 йилда сўндириладиган халқаро облигациялари фоиз ставкаси 8,1 фоизга етган. Хусусан, сўнгги бир ҳафтада (27 сентябрь — 7,67 фоиз) фоиз ставкалари 0,43 фоизга ошган.
Буюртмалар китоби 1,7 млрд долларга етганда, фоиз ставкаларни 8,25-8,375 фоизга туширишга эришилди.
Якуний талаб 2 млрд долларга етгач, 660 млн доллар миқдоридаги облигациялар 8,125 фоиз ставкада ҳамда 7,85 фоиз купонда чиқарилди. Мазкур купон ставкаси молиявий маслаҳатчилар томонидан тавсия этилиб, халқаро облигацияларни инвесторларга 98,888 фоиз нархда сотилишини англатади. Яъни мазкур транзакциядан 652,6 млн доллар маблағ келиб тушади.
LiveБарчаси