Ош, кураш, концерт. Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги Туркияда ҳам кенг нишонланди

Жамият

Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами дунёнинг жуда кўплаб нуқталарида нишонланмоқда. Бу масштаб  Россиядан Туркиягача, Кореядан океан ортигача чўзилган. Қувонарли томони шундаки, буларнинг барчаси чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликлар учун ташкиллаштирилмоқда.

Миграция агентлиги ва Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари биргаликда хориждаги ўзбекистонликларга Мустақиллик байрами шукуҳини етказиш мақсадида кўнгилочар тадбирлар ўтказяпти. Шундай байрам шодиёналаридан бири Туркия пойтахти Анқара шаҳрида ташкил қилинди ва Миграция агентлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси мазкур тадбирда Анқарада вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликларга кўтаринкилик улашди.

Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган ушбу байрам дастури икки босқичдан иборат бўлди. Дастлаб тўрт турдаги спорт мусобақалари: футбол, миллий кураш, қисқа масофага югуриш ва арқон тортиш бўйича беллашувлар ўтказилди.

Мазкур тадбирда ўзбек миллий кураши Туркияда кенг ёйилаётгани ва бунда Анқарада вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликлар асосий ролда экани намоён бўлди. Бу эса Анқарада бўлиб турган ўзбекистонликлар маълум турдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлишларига қарамай, ўзларини қизиқтирган спорт ўйинларига ҳам вақт топаётгани ва бу учун керакли шароитлар яратиб берилганининг далилидир.

“Бугун Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллик шодиёнаси экан. Чин қалбимдан муборакбод этаман. Яратган эгам бутун ўзбек халқига мазмунли умр насиб айласин. Биз ҳам ўзбек халқини яхши кўрамиз, уларни қардош сифатида қадрлаймиз. Айни дамда Туркияда курашга талаб анча юқори. Чунки, кураш бизнинг миллий ва қадимий жанг санъатимиз бўлгани сабаб спортчилар у билан шуғилланишни афзал кўрмоқда. Самараси борлигини билиб қолгач, юрак-юракдан шуғулланиш ҳисси отилиб чиқяпти. Туркияда бундай федерация йўқ. Аммо ташкил этилиш арафасида. Ташкил топиши учун ҳам ғайрат ва шижоатимизни сафарбат қиляпмиз. Федерацияга лойиқ устозларимиз Туркия бўйлаб машғулотлар амалга оширмоқда. Шундай ишлар билан курашни дунё бўйлаб ёймоқдамиз”, дейди туркиялик кураш бўйича мураббий Ниҳат Оба.

Спорт мусобақалари якунлангач, ғолиблар Миграция агентлиги ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси томонидан турли совғалар билан тақдирланди. Спорт ўйинлари тадбирнинг алоҳида ёрқин қисми бўлди. Чунки мусобақалар турли нуқталарда ўтказилганига қарамай, Туркияда бўлиб турган ўзбекистонлик аёллар эркак ҳамюртларини қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатди. Улар бундай ташаббусларни узоқ кутгани, Ўзбекистон Мустақиллик байрамининг Туркиягача етиб боргани ва бу байрамдан олган ҳисларини яшириб ўтирмади.

“Бизни ҳурмат қилиб, Туркияда шундай байрамни ташкиллаштириб берганингиз учун раҳмат. Миграция агентлиги ва элчихона ходимларига ташаккур. Ҳар гал Ўзбекистон байроғини кўрганда Ватан соғинчи туфайли кўз ёшларни тия олмайман. Бугун Мустақиллигимизнинг Анқарада ҳам нишонланиши, барчамиз бир бўлиб, ҳамжиҳатликда буни байрам қилишимиз яхши бўлди”, дейди ўзбекистонлик Замира Ҳалилова.

Куннинг иккинчи қисмида навбат байрам дастурхони ва концерт дастурига етиб келди. Ўзбекистондан таклиф қилинган маҳоратли санъаткорлар ва айнан шу тадбир учун чақиртирилган ошпазлар тадбирнинг мазкур қисмида Анқарадаги ўзбекистонликларнинг хизматида бўлди. Тадбир якунида маъсуллар хориждаги, хусусан, Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари учун келгуси миллий байрамларда ҳам шундай ҳиссиёт ва яқинлик улашишда давом этишга ваъда берди.

“Мустақилликнинг 34 йиллиги шукуҳунинг бир бўлагини Туркияга кўчириб олиб келдик. Ҳамма хурсанд ва мамнун. Буни одамларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқда. Келгусида бундай байрам тадбирларини давом эттиришни режалаштирганмиз. Кейинги режаларда нафақат Мустақиллик куни, балки Наврўз байрамини ҳам шундай ташкиллаштириш ва Анқарада ўзининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликларни кўнглини кўтаришда давом этишни мақсад қилганмиз”, дейди Миграция агентлиги директори ўринбосари Матлаб Куранов.

QALAMPIR.UZ мазкур тадбирларни ҳар бир деталигача ёритди.

Анқарада ўтган Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам ҳақидаги видеорепортажни QALAMPIR.UZ’нинг You-Tube-каналида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ўзбекистон Анқара Мустақиллик байрами

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг