Ўзбекистонликлар Россияга киришда “Спутник V” билан эмланаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди
Жамият
−
25 Декабрь 2020
6097Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришида бепул эмланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу хабарларга илова қилинаётган расмда бир фуқаронинг “Спутник V” вакцинаси тадқиқотларида иштирок этганини тасдиқловчи сертификат экани қайд этилган бўлиб, Россияга киришда эмлангани баён этилмаган.
“Шу ўринда қайд этиш лозимки, дунёнинг турли давлатларида коронавирусга қарши кўплаб вакциналар ишлаб чиқиш бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу илмий тадқиқотларда иштирок этиш ва коронавирусга қарши эмланиш бошқа-бошқа жараён ҳисобланади.
Хусусан, “Спутник V” вакцинаси Ўзбекистонга олиб келинган ва айни вақтда олимларимиз томонидан ушбу вакцина бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ушбу вакцинанинг 1 миллион дозасини харид қилиш, эмланган фуқароларни ишлаш мақсадида Россия ҳудудига кириши учун Россия ҳукуматининг рухсатини олиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади агентлик хабарида.
Аввалроқ, Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишга жўнаши юзасидан музокаралар ўтказиш учун Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятидан иборат делегация аъзолари Россияда бўлиб тургани хабар қилинганди.
LiveБарчаси