Ўзбекистонликлар Муҳаммад с.а.в.нинг масжидларида намоз ўқиди
Жамият
−
28 Июль 2019
4485Ўзбекистонлик Ҳаж зиёратчилари 26 июль куни жума намозини Мадина шаҳрида Муҳаммад с.а.в.нинг муборак масжидларида ўқиганлар.
“Бу жойга ҳамма ҳам келавермайди, Оллоҳ суйган бандаларинигина чақиради. Ҳалол меҳнат қилиб, боғ яратдим, одамларнинг корига ярадим. Мана, 84 ёшимда бир умрлик орзуим ушалди. Бундан жуда хурсандман. Юртимиз тинч ва обод бўлиб, ҳаммани шу кунларга етказсин”, дейди самарқандлик отахон Эгамберди Маҳматқулов.
Ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхонанинг шундоқ рўпарасидаги “Масжид ан-Набавий” жума намозига бир неча соат аввал намозхонлар билан тўлди. Хусусан, Ўзбекистондан келган зиёратчилар жума намозини Расулуллоҳнинг муборак масжидида адо этиб, мамлакат равнақини Яратгандан сўраб дуо қилганлар.
“Бу масжидда намоз ўқишликнинг фазли бошқача. Чунки бу ердаги бир намоз бошқа масжидлардаги минг намозга тенглиги ҳақида ҳадислар бор. Ҳаж амалини бажариш учун Мадинага келганимдан, биринчи жума намозини “Масжид ан-Набавий”да ўқиганимдан жудаям бахтиёрман”, дейди Намангандан келган отахон Абдумутал Камолов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июль куни эрта тонгдан Ҳаж ибодатини адо этиш учун отланган ўзбекистонликларнинг дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетганди.
Ҳожилар Мадина шаҳридаги 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонаси, Макка шаҳридаги 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилмоқдалар.
Зиёратчилар шу йилнинг 24 июль — 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишлар бўйича 17 август — 1 сентябрь кунлари мамлакатга қайтиб келадилар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь