Ўзбекистонлик спортчилар Oсиё ўйинларининг 3-кунида қандай натижа қайд этди? (рўйхат)
Спорт
−
26 Сентябрь 2023
6118Ханчжоудаги Осиё ўйинларининг навбатдаги куни ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг 3-кунида ўзбекистонлик спортчилар 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда делегеция ҳисобидаги медаллар сонини 22 тага етказиб қўйди.
Олтин медаль:
- Бугун, 26 сентябрь куни Ўзбекистон байроқдори Музаффарбек Тўрабоев дзюдо бўйича -100 килограмм вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритиб, делегецияга ушбу Осиё ўйинларидаги 5-олтин медални келтирди.
Кумуш медаль:
- Дзюдо бўйича -90 килограмм вазн тоифасининг финалида иштирок этган Бобонов қирғизистонлик Ерлан Шеровга имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан чекланди;
- бугунги кун ҳисобидан илк медални 10 метрга пневматик милтиқдан отиш бўйича аралаш жамоавий дастурда иштирок этган Жавоҳир Соҳибов ва Мухтасар Тоҳирова жуфтлиги қўлга киритди. Улар ўқ отиш баҳслари финалида мезбон – Хитой вакилларига қарши беллашиб, имкониятни бой берди ва кумуш медалига лойиқ кўрилди.
Бронза медаль:
- Ўзбекистонлик дзюдочи Ирисхон Қурбонбоева -78 килограмм вазн тоифасининг бронза медалига сазовор бўлди. Қурбонбоева учинчи ўрин учун баҳсда мўғулистонлик Хуслен Отгонбаярни мағлуб этган ҳолда шоҳсупага кўтарилди;
- мазкур спорт бўйича +100 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Алишер Юсупов Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди. У 3-ўрин учун дзюдо ватани бўлган Япония вакили Хёта Огага қарши курашди ва қисқа фурсатда иппон баҳоси билан ғалабага эришди;
- Ўзбекистон номидан байроқдор сифатида иштирок этган Зайнаб Дайибекова ҳам мусобақа шоҳсупасига кўтарилди. У қиличбозлик беллашувларининг ярим финалида жанубий кореялик Жису Юнга кичик фарқ – 14:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди;
- ушу спорт тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борган Ўзбекистон вакили Даря Латишева Латишева нанкуан ва нандао дастурлари якунига бўйича Хитой ҳамда Малайзия вакилларидан кейин 3-ўринни банд этди;
- таеквондо дастурида баҳсга киришган Чарос Қаюмова ҳам ўз номини совриндорлар қаторига ёздириб қўйди. -53 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи ярим финалда Хитой Таипейи вакиласига имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди.
Бу орқали Ўзбекистон делегацияси жами 22 медаль (5 тадан олтин, 6 та кумуш, 11 та бронза) жамғарган ҳолда умумий рейтингнинг 4-поғонасини банд этиб турибди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь