Ўзбекистонлик пара-атлетлар Жаҳон чемпионатини 17 та медаль билан якунлади
Жамият
−
19 Июль 2023
2782Ўзбекистонлик пара-енгил атлетикачилар Жаҳон чемпионатини 17 та медаль билан якунлади. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 8-17 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтган пара енгил атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатида катта таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза, жами 17 та медални қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида ўзбекистонлик спортчилар 8-ўринни эгаллаган. Мазкур мусобақада дунёнинг 103 та мамлакатидан 1206 нафар пара-атлет иштирок этган.
Яна бир эътиборли жиҳати, бу галги жаҳон чемпионатида 5 нафар ўзбекистонлик спортчи: Дониёр Салиев, Иззат Турғунов ва Асила Мирзаёрова узунликка сакраш баҳсларида, ядро улоқтиришда Бобур Омонов, найза улоқтиришда эса Нурхон Қурбонова жаҳон рекордини янгилаган.
Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари учун чемпионатнинг энг муҳим натижаларидан яна бири ҳисобланган Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига ҳам 19 та йўлланма қўлга киритилган.
Улар бугун, 19 июль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, қўмита мутасаддилари, ОАВ, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.
Маълумот учун, ўзбекистонлик пара-атлетлар 2019 йилда БААда ўтказилган Жаҳон чемпионатида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 8 та медаль қўлга киритган эди.
LiveБарчаси