Ўзбекистонлик хизматчисини дўппослаган турк хонандаси жаримага тортилди
Маданият-санъат
−
14 Октябрь 2022
20292Уйида хизматчи бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Гулноза Маматовага тан жароҳати етказган Туркиялик хонанда Серен Серенгил жарима билан қутулиб қолди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” нашри хабар бермоқда.
Гап шундаки, 2020 йилнинг ёзида, Ўзбекистон фуқароси Гулноза Маматованинг адвокати Али Чезик Бейкоз Туркия Бош прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. Сўнг хонанда Серен Серенгилга нисбатан жиноий иш очилган.
Аризада, Серенгил бир ҳафтага таътил сўраган Маматовани “сен бизга коронавирус юқтирасан”, дея айблаб, уни сочидан тортгани ва ерга ётқизиб тепгани, шунингдек, хонанда ўзининг Мустафо исмли жазмани билан Маматовани Бейкоз ўрмонига олиб бориб, таҳдид қилгани қайд этилган.
Бейкоз суд-тиббиёт бўлимининг 2020 йил 5 июндаги ҳисоботига кўра, Гулноза Маматова “енгил жароҳат” олган.
Ўзбекистонлик Гулноза Маматова ва унинг адвокати суддан Серен Серенгилни 4 ойдан 1 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўраган.
Орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Бейкоз жиноят судида бўлиб ўтган суд мажлисида айбланувчи Серен Серенгил “енгил жароҳат” етказганликда айбдор деб топилди ва 150 кунлик жарима жазосига ҳукм қилинди. Аммо, тарафлар ўртасида баҳс-мунозарани ким бошлаганини аниқлаш имкони бўлмагани судланувчи фойдасига инобатга олиниб, суд ишида ўз аксини топган ижтимоий муносабатлар, Серенгилни суд давомидаги хатти-ҳаракатлари инобатга олиниб, жазо 93 суткага қисқартирилди.
Суд ҳукмига кўра, Серен Серенгил кунига 30 лирадан ҳисобланган 2 790 лиралик (тақрибан 150 доллар – таҳр.) жаримага тортилди. Шунингдек, суд Серен Серенгилни 5 йил давомида назоратга олиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилган, яъни у 5 йил ичида қасддан жиноят содир этмаса, суд иши тўхтатилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодирова Туркия Буюк Миллат Мажлисининг “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Истанбуллик депутати Ширин Уналнинг пойтахт Анқарадаги уйида ўлик ҳолда топилган эди. Депутатнинг уйида хизматчи бўлиб ишлаган Нодира Қодированинг танасидан Ширин Уналга тегишли бўлган тўппончадан отилган ўқ топилган.
Маълумот ўрнида, Серен Серенгил 1971 йилнинг 6 апрель куни актёр Ўзтурк Серенгил оиласида туғилган. У ўзини хонанда, актриса ва телебошловчи сифатида синаб кўрган. Бошловчилик фаолияти давомида бошқа бир хонанда ва актриса Гулбен Эрген ҳақида айтган сўзлари учун 2018 йилнинг январида уч кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
LiveБарчаси