Ўзбекистонлик кибержиноят учун АҚШ санкциясига учради
Олам
−
06 Декабрь 2019
6061АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг олтита компанияси ва Evil Corp. (Dridex gang номи билан танилган) хакерлар гуруҳига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Санкциялар ушбу хакерлар гуруҳига алоқадор 17 нафар шахсга нисбатан ҳам киритилди. Улар орасида Россия, Украина, Ўзбекистон, Молдова, Греция, Исроил ва Испания фуқаролари бор.
Санкцияга рўйхатига киритилган шахслар ва ташкилотларнинг АҚШ юрисдикциясидаги барча активлари музлатиб қўйилиши керак, АҚШ фуқаролари ва Америка компанияларига улар билан битимлар тузиш тақиқланади. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Таъкидланишича, Evil Corp. 40 дан ортиқ мамлакатлардаги уч юзта банк ҳамда ва молиявий компаниялардаги компьютерларга зарар етказиш учун ишлатилган Dridex дастурини ишлаб чиқиш ҳамда тарқатиш учун жавобгар. Дастурнинг тарқалиши натижасида 100 миллион доллардан ортиқ пул ўғирланган.
АҚШ Молия вазирлиги раҳбари Стивен Мнучин Evil Corp.’ни кибержиноятчилик соҳасидаги энг қудратли ташкилотлардан бири деб атади.
Санкциялар рўйхатига киритилганлар орасида Молия вазирлиги хакерлик гуруҳининг раҳбари деб ҳисоблаётган Максим Якубец ҳам бор. АҚШ Молия вазирлиги хабарида Якубецнинг ФХХ (ФСБ) билан ҳамкорлик қилиши кўрсатилган.
Молия вазирлиги Давлат департаменти Evil Corp. етакчисини қўлга олишга ёрдам берувчи маълумот учун 5 млн доллар мукофот эълон қилди.
Бундан ташқари, АҚШ Молия вазирлиги Evil Corp.`га алоқадор деб ҳисоблаган бошқа шахсларга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди. Вазирлик маълумотларига кўра, уларнинг баъзилари гуруҳда раҳбарлик вазифаларини бажарган, бошқалари ўғирланган пулларни олиб чиқиб кетишга ёрдам берган.
LiveБарчаси