Ўзбекистонлик ишсиз қолган муҳожирлар шошилинч ёрдамга муҳтож – Халқаро миграция ташкилоти
Олам
−
17 Май 2020
7770Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) COVID-19 пандемияси сабаб инқирозли вазиятда бўлган Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан келган муҳожирларга ёрдам бериш учун 7 миллион доллар сўради. Ташкилотнинг таъкидлашича, бу одамлар ишсиз қолишган ва улар оилаларининг ягона яшаш манбайидир. Улар зудлик билан ёрдамга муҳтож.
Таъкидланишича, ушбу пандемия Марказий Осиёдан келиб Россияда ва бошқа минтақаларда яшаб ишлаётган миллионлаб муҳожирларнинг тақдирига салбий таъсир кўрсатди. Уларнинг деярли барчаси карантин чоралари туфайли ўз даромадларини йўқотишди. Муҳожирларнинг аксари ўз даромадларининг бир қисмини уйдаги оилаларига жўнатишади. Шундай экан, уларнинг оиласи ҳам тирикчиликсиз қолишди.
“Кўпчилик муҳожирлар ўзларини ишсиз деб топиб, уйларига қайтишга ҳаракат қилишди. Аммо уларнинг ҳаммаси чегаралар ёпилгани сабабли бунга эриша олмади. Шунга қарамай, ўз ватанларига қайтганлар ҳам ишсизликка дуч келишди. ХМТ ушбу вазиятни “жиддий инқироз“ деб ҳисоблайди ва бу оммавий тартибсизликларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради“, дейилади ташкилот хабарида.
Бир кун олдин виртуал оламда олтита давлатга (Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) 2020 йил охиригача ёрдам бериш учун мўлжалланган гуманитар лойиҳа расман ишга туширилди. Маросимда элчихоналар, миграция соҳасидаги экспертлар, ҳукумат вакиллари, шунингдек ХМТнинг Вена, Москва, Нур-Султон ва бошқа минтақавий пойтахтлардаги идоралари иштирок этди.
“Ўтган инқирозлардан биз муҳожирларнинг шафқатсиз эксплуатация қилинаётгани ва уларни давлат идораларига топшириш билан таҳдид қилишини яхши биламиз“, дейди ХМТ минтақавий директори Дайан Эпштейн.
ХМТнинг тушунтиришича, сўралган, аммо ҳали олинмаган 7 миллион доллар ишсиз қолган меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлашга сарфланади.
“Биз тадқиқот ўтказдик ва инқироз туфайли 90 фоиз муҳожирлар ўз оилаларига маблағ ўтказа олмасликларини аниқладик. Бу одамларнинг кўпида жамғарма пули йўқ ва улар ишлаётган соҳаларда ишлаб чиқариш тўхтатиб қўйилган“, дейди ХМТнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Зейнал Ҳожиев.
Маълум қилинишича, ХМТ биринчи навбатда, Россия, Қозоғистон ва Туркияда қийин аҳволда қолган муҳожир аёллар ва болаларга ёрдам беришни режалаштирмоқда. Марказий Осиё мамлакатларидан келган муҳожирларга ўз ватанларига қайтиш, шунингдек ишга жойлашиш ва реинтеграциялашда ёрдам кўрсатилади.