Ўзбекистонлик 13 ёшли бола “Голос. дети”да барча ҳакамларни ўзига қаратди
Маданият-санъат
−
23 Декабрь 2022
41306Ўзбекистонлик Фирдавс Авезов Россиянинг “Голос. дети” лойиҳасининг 10 мавсуми, 2 сонида иштирок этди. У Карлос Альмараннинг “Бир муҳаббат тарихи” қўшиғини ижро этди ва барча ҳакамларни ўзига қаратди.
У саҳнага чиқишидан олдин ўзи ҳақида қисқача интервью берган.
“Мен Тошкент шаҳриданман, ёшим 13 да. Менинг ота-онам ҳам мусиқачи. Бир нафар укам бор. Мен Дима Биланга ўхшашни хоҳлайман”, дейди у.
“Голос” теле-лойиҳасининг қоидасига кўра, дастлабки босқичда саҳнага чиққан иштирокчи қўшиқ куйлайди ва жонли ижроси орқали унга тескари ўтирган ҳакамларни ўзига қаратишга уринади. Агар ҳакамларга ижрочининг овози маъқул келса, улар саҳнага ўгирилади. Бундай ҳолларда саҳнадаги қўшиқчи ўзига қараган ҳакамлардан бирини танлаши ва кейинги босқичларда унинг гуруҳида бўлиши лозим.
Фирдавс Авезов ўз ижроси орқали ҳакамлар Егор Крид, Баста ва “МакSим”ни ўзига қаратди ва Баста ҳар қанча уни ўз гуруҳига таклиф этмасин, Фирдавс улардан Егор Кридни танлади. Крид Фирдавснинг ижроси ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирган.
“Сен ҳақиқий артистсан. Биз барчамиз сенга қараганимизда ҳам сен образдан чиқиб кетмадинг. Қўшиқни профессионал ижро этдинг. Сен ёш бўлсангда ижро орқали ҳаммасини етказиб бердинг, мен эса қўшиқни ҳис этдим”, деган Крид.
Маълумот ўрнида, турли йилларда Севара Назархон, Наргиз Зокирова, Сардор Милано, Сабина Мустаева, Мадина Саидазимова ва Шуҳрат Турдихўжаев каби асли келиб чиқиши Ўзбекистонлик бўлган санъат вакиллари ушбу лойиҳада иштирок этган.