Ўзбекистонга таълим вазирликлари керакми?
Жамият
−
26 Март
11400Жорий йилнинг 20 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Таълим вазирлигини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, эндиликда бу вазирлик АҚШга керак эмас. Хўш, Ўзбекистонга-чи? Бугун бир эмас, иккита таълимга масъул вазирлиги бор мамлакатга мазкур вазирликлар қандай наф келтиряпти? Бугун, 26 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев бу саволга жавоб берди.
“Авваламбор, вазирлик ва идораларнинг давлатда фаолият юритиши қонун билан ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тўғрисида гап юритадиган бўлсак, вазирлик соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи давлат органи ҳисобланади.
Олий таълим муассасаларининг фаолиятини тартибга солишда ҳам регулятор вазифасини бажаряпти. Энди бизда Ўзбекистонда Республика Олий таълим кенгаши ҳам мавжуд. Бу дунё тажрибасида ҳам бўлган масала”, деди у.
Унинг айтишича, Олий таълим кенгаши олий таълим муассасалари билан биргаликда ишлаб, уларнинг таклифлари ва янги ташаббусларини амалиётга жорий қилиш билан шуғулланади.
“Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳозирги кунда аниқ олий ва касбий таълим соҳасида фаолият юритиб, умуман шу таълим ташкилотларида бўлаётган барча жараёнларни мувофиқлаштириб келяпти. Чунки, хабарингиз бор, Олий таълим муассасалари учта сегментга бўлинди. Биринчиси – давлат олий таълим муассасалари, иккинчиси – хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари. Уларнинг учаласи ҳам мустақил фаолият юритиши мумкин, аммо бизнинг кун тартибимиздаги масала Ўзбекистон ёшларига тўғри ва сифатли таълим бериш. Шунинг учун ҳам бу вазирлик фаолият юритяпти”, дея жавоб берди Далиев.
Маълумот учун, дунёнинг аксарият мамлакатларида таълимни бошқариш учун алоҳида Таълим вазирлиги мавжуд.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) марказий Таълим вазирлиги мавжуд бўлса-да, айрим амирликлар, масалан, Дубай таълим соҳасида ўз мустақиллигига эга бўлиб, маҳаллий таълим бошқармалари орқали таълим сиёсатини бошқаради.
LiveБарчаси