Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши камайишда давом этяпти

Жамият

image

Жорий йилнинг биринчи чорагидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонга хориждан келиб тушган пул ўтказмаларида Россиянинг улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайиб, Россияда патент асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари сони ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга камайган. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган 2026 йил I чорагига доир меҳнат бозори шарҳида келтирилган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг I чорагида аҳоли ҳаракатланувчанлиги (мобиллиги) ўсишда давом этган. Ушбу даврда хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 1,63 млн нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоизга ошган.

Бундан ташқари, жорий даврда ҳаво йўллари транспортида ташилган йўловчилар сони сезиларли ошиб, 2,25 млн нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга юқори бўлган.

Сўнгги мавжуд маълумотларга кўра, 2026 йил I чорагида Россияда патент асосида меҳнат фаолиятини амалга оширган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,34 млн нафарни ташкил қилган. Бу ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 1,8 фоизга кам бўлиб, мавсумий омиллар ҳамда ташқи меҳнат бозори шароитларидаги ўзгаришлар билан изоҳланиши мумкин.

Марказий банкнинг билдиришича, меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш жараёни давом этмоқда. Хусусан, Туркияга миграция бўйича расмий рухсатномалар сони ошиб бормоқда. Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграцияни бошқариш органи маълумотларига кўра, I чоракда бундай рухсатномалар сони қарийб 70 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошган.

Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам I чоракда барқарор ўсишни давом эттириб, 99,6 минг нафарга етган.

Шунингдек, пул ўтказмалари ҳажми ҳам 2026 йил I чорагида ўсиш тенденциясини сақлаб қолиб, 3,8 млрд АҚШ долларини ташкил этган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошган.

Пул ўтказмалари таркибида ҳам мамлакатлар кесимида диверсификация жараёнлари давом этган. Хусусан, 2026 йил I чорагида Россиядан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши ўтган йилнинг мос давридаги 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайган. Бунга асосий сабаб қилиб, йил бошидан патент тўловларининг ошиши, рубль курсининг нисбатан март ойида қадрсизланиши, ҳамда меҳнат миграцияси йўналишларининг кенгайиши кўрсатилган.

Шу билан бирга, умумий пул ўтказмаларида Қозоғистоннинг улуши 1 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни, Европа давлатларининг улуши 1 фоиз бандга ошиб 3,3 фоизни, Жанубий Кореяни улуши 0,6 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни ташкил этган. Бошқа давлатлар улуши эса 2,6 фоиз бандга ошиб, 16,2 фоизга етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушган маблағлар ҳажми 13 фоизга ошиб, 3,8 млрд долларни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг