Ўзбекистонга келаётган йўловчининг сумкасидан 3 метрлик ноёб илон чиқди (видео)
Жамият
−
28 Сентябрь
72131Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк” чегара божхона постида мамлакатга 3 метрлик илонни олиб киришга уриниш фош қилинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Ғишткўприк” чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган пиёдага тегишли қўл сумкаси назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, унинг ичида божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган 1 бош илон борлиги аниқланган.
“3 метр узунликдаги мазкур илон дастлабки маълумотларга кўра, йўлбарссимон албинос бўғма илони бўлиб, асосан Жанубий ва Жанубий-шарқий Осиёда яшайди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Халқаро Қизил китобга киритилганлиги сабабли мазкур жониворни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда халқаро CITIES рухсатномаси талаб этилади. Аммо юқоридаги ҳолатда йўловчи бу каби ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмаган.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Илон эса Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, мутахассислар унинг ҳолатини барқарор деб баҳолашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 34 бош йилқини Ўзбекистонга ўтказишга уринган контрабандачилар қўлга олинган эди.