Ўзбекистонга келадиган йиллик туристлар оқими 20 миллионга етказилади
Жамият
−
15 Январь 2141 2 дақиқа
2030 йилгача Ўзбекистонга келадиган йиллик туристлар оқимини 2 карра ошириб, 20 миллионга етказиш режа қилинган. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги йилларда туризм соҳаси иқтисодиётнинг муҳим ва барқарор ўсиб бораётган стратегик тармоғига айланган. Ўтган йили Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг сони кескин ўсиб, 11,5 миллионга, туризм экспорти эса 4,7 миллиард долларга етган.
2030 йилгача туристлар оқимини 2 карра ошириб, 20 миллионга етказиш режа қилинган. Бунинг учун элчилар Туризм қўмитаси билан янгича ёндашув ва ташаббус асосида ишлаб, энг йирик аутсорсинг компанияларни жалб этиши зарурлиги қайд этилган.
Бу борада Россия, Беларус, Жанубий Корея, Германия, АҚШдаги элчилар олдига аниқ вазифалар қўйилган. АҚШ, Буюк Британия, Индонезия, Россия, Франция ва Хитой элчихоналарида туризм ва маданият бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилади. Ушбу давлатлардаги элчилар мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб, туризм оқимини 2-3 карра оширишлари шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Бу йилдан АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинган. Ушбу мамлакатнинг 100 мингдан ортиқ ишчиси бўлган йирик компаниялари билан фаол музокара олиб бориб, жорий йил АҚШдан келаётган сайёҳлар сонини 2 каррага ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 10,7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди. Уларга 4,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари кўрсатилган. Қўшни давлатлар ва МДҲ мамлакатларидан келган сайёҳлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 баробарга, узоқ хориж давлатларидан келган сайёҳлар сони эса 1,5 баробарга ошган.
Live
Барчаси