Ўзбекистондан яна бир араб давлатига парвоз қилиш мумкин бўлади
Жамият
−
09 Июнь 2021
5512Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида Қатар Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим ал-Сонийнинг Ўзбекистон расмий ташрифи доирасида икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ҳаво қатнови тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Битим Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қатар номидан ушбу давлат Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим ал-Соний томонидан имзоланди
Битим ҳаво қатновини ташкил этиш, авиакорхоналарни тайинлаш, уларга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, белгиланадиган манзилларни аниқлаш, сертификат ва лицензияларни тан олиш, икки давлатда тайинланган авиакорхоналарнинг ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш каби масалаларни назарда тутади.
Ҳужжат қоидаларига кўра, ҳар бир томоннинг белгиланган авиа ташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган манзилларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади.
Битимда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаро асосда тақдим этилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда авиация соҳасидаги хавфсизлик ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.
LiveБарчаси