Ўзбекистондан Францияга экспорт ҳажми қарийб 2 бараварга ортди
Жамият
−
12 Март
34722024 йилда Ўзбекистондан Францияга экспорт ҳажми қарийб икки баравар ортиб, 800 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига давлат ташрифи арафасида Париж шаҳрида икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари раҳбарлари ҳамда 100 га яқин етакчи компаниялари, молия ва бизнес ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Франция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтган.
Тадбирда сўзга чиққан Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бизнес-форумнинг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги имкониятларини ўрганиш учун ўзига хос мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини юқори баҳолаган.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг барқарор динамикаси қайд этилган. Хусусан, 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларга етган, бу олдинги йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Шу билан бирга, Ўзбекистондан Францияга экспорт ҳажми қарийб икки баравар ортиб, 800 миллион долларни, импорт эса 330 миллион долларни ташкил этган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ француз компанияси муваффақиятли фаолият юритиб, ривожланаётган ишбилармонлик муҳитига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, авиация, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларида ўз тажрибасини олиб кираётган дунёга машҳур Orano, SUEZ, Veolia, Total Energies, Voltalia, EDF, Lactalis, Airbus, MND ва бошқа кўплаб компаниялар бор.
Лазиз Қудратов муносабатларни чуқурлаштириш учун фойдаланилмаган катта имкониятларга тўхталар экан, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг қатор йўналишларини, жумладан, транспорт ва логистика жиҳатидан ўзаро боғлиқлиқни ривожлантириш, савдо йўлакларини диверсификация қилиш ва геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, Ўзбекистон эҳтиёжларига мослаштирилган француз технологияларини жорий этиш орқали инновацион ривожланиш муҳимлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, инвесторлар манфаатларига жавоб берадиган ва мамлакат иқтисодиётини сифат жиҳатидан ўзгартириш ва барқарорлигини оширишга қаратилган янги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилган.
Ўз навбатида, форумда сўзга чиққан MEDEF International раиси ва Orano компанияси директорлар кенгаши раиси Клод Имовен Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаган ва француз бизнеси вакилларини Ўзбекистон бозорида фаол кириб боришга чақирган.
“Форум доирасида B2B ва G2B форматидаги учрашувлар ташкил этилиб, икки мамлакат ишбилармон доираларига ўзаро мулоқот қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш учун яхши имконият бўлди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, форум якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва транспорт, кончилик, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб берувчи 20 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Париж шаҳрига боргани хабар қилинганди. Самолёт олдида Ўзбекистон етакчисини Франция миллий таълим, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири, собиқ бош вазир Элизабет Борн, Париж ҳарбий округи қўмондони генерал Лоик Мизон ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун, 12 март кунига мўлжалланган.
LiveБарчаси