Ўзбекистондаги судлар фаолиятида сунъий интеллект жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистондаги судлар фаолиятига сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. Бу 21 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

  • суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
  • судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш;
  • Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
  • судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш.

“Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида:

  • судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;
  • мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;
  • суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан  фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади. 2025 йил якунигача суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастури яратилади.

1 йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди.

2026 йил 1 январдан  “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи яратилади, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотлари автоматик етказилади.

2026 йил якунигача фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версияси ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 21 август куни суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов масалаларига оид тақдимот билан танишган, билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли фармонларни имзолаганди. Режалаштирилган вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг