Ўзбекистондаги сайтларга ҳужум қилинди. “Ўзкомназорат” муносабат билдирди
Жамият
−
31 Октябрь 2020
6456Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигининг расмий веб-сайтига ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳодисага “Ўзкомназорат” инспецияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, айни вақтда веб-сайтларнинг иш фаолияти тикланган.
“Ушбу ҳолат Ўзкомназорат томонидан тегишли ваколатли органлар билан бирга ўрганилмоқда, ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб қонунчиликка мувофиқ ўрнатилган тартибда чоралар кўрилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, yaxshiamaki@gmail.com электрон почта эгаси 26 октябрь куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг сайтига, шунингдек, 28 октябр куни эса Навоий вилояти ҳокимлигининг расмий сайтига ҳужумлар уюштирган.
Ўзкомназоратнинг кечаги муносабатидан сўнг ҳам хакер naesmi.uz сайтига иккинчи марта ҳужум уюштирган ва у ерда “yaxshi amaki 2:0 naesmi.uz” ёзувини қолдириб, сайт хавфсизлигида муаммолар борлигини таъкидлаган.
Маълумот учун: компьютер ахборотидан, яъни ахборот-ҳисоблаш тизимлари, тармоқлари ва уларнинг таркибий қисмларидаги ахборотлардан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, ушбу ҳаракат ахборотнинг йўқ қилиб юборилиши, тўсиб қўйилиши, модификациялаштирилиши, ундан нусха кўчирилиши ёхуд унинг қўлга киритилишига, ЭҲМ тизими ёки уларнинг тармоқлари ишининг бузилишига сабаб бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши яъни жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўша ҳаракат бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, у ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиши мумкин.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15