Ўзбекистон ОАВ эркинлиги индексида ёмон ўринни эгаллади
Жамият
−
10 Февраль 2023
6234“Чегара билмас репортёрлар” нодавлат ташкилотининг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги индексида 2022 йилги натижаларга кўра, Ўзбекистон 133-ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, ушбу рейтингда 179 мамлакатнинг рўйхати келтирилган. Мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги кўрсаткичи 45,74 баллни ташкил этиб, мамлакат сўз эркинлик даражаси паст бўлган давлатлар сирасига кирган.
Бу кўрсаткич ташкилот томонидан ёмон дея баҳоланган ва Ўзбекистоннинг матбуот эркинлигига изоҳ берилган.
“Мамлакатнинг собиқ Президенти Ислом Каримов вафотидан кейин ОАВ учун шароитлар деярли яхшиланмади ва давлат ҳокимиятини танқид қилиш мураккаблигича қолмоқда”, дейилади изоҳда.
Шунингдек, ОАВ эркинлик кўрсаткичи паст бўлган давлатлар қаторига Хитой, Мьянма, Туркманистон, Эрон, Эритерия кирган бўлса, Норвегия, Дания, Швеция матбуот эркинлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар сифатида қайд этилган.
Қўшни давлатлардан Қирғизистон ушбу рейтингда 64,25 балл билан 72-ўринда, Қозоғистон эса 48,28 балл билан 122-ўринда турибди.
Сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият жуда ёмон бўлган Беларусь 39,62 балл билан 153-ўрин, Россия эса 38,82 балл билан 155-ўринни эгаллаган.
LiveБарчаси