Ўзбекистондаги мактабларда коронавирус бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади
Жамият
−
03 Февраль 2020
4820Янги коронавирус касаллигининг тарқалиши муносабати билан мактабларда ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Маълумки, ўтган йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) га мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Касалланишнинг биринчи ҳолатини денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлашмоқда. Жорий йилнинг 7 январь куни хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди. Коронавирус бошқа хориж мамлакатларида ҳам қайд этилган.
Хабарда қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, Халқ таълими вазирлиги тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқди:
• хоналар ҳароратини меъёрда бўлиши, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намли дезинфекция ишларини мунтазам олиб бориш;
• касалликнинг клиник белгилари ва тана ҳарорати юқори бўлган ишчилар, талабалар ва ўқувчилар аниқланганда уларни ишга ва ўқишга қўймаслик, тиббий муассасага мурожаат этишини ташкил этиш;
• ҳожатхоналарда тозалаш ва дезинфекция ишларини мунтазам олиб борилишини назоратга олиш;
• ҳожатдан чиққанда ва овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига мунтазам риоя этилиши;
• талаба ва ўқувчиларни тиббий ниқоблар билан етарлича таъминлаш;
• ходимлар, талабалар ва ўқувчилар иштирокида тиббиёт мутахассисларини жалб қилган ҳолда коронавирус инфекциясини профилактикаси бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш.