Ўзбекистондаги банкларда доллар дефицити кузатиляпти – журналист

Жамият

image

Бугун, 25 июлдан бошлаб Ўзбекистондаги айрим банкларда нақд валюта танқислиги кузатилмоқда. Хусусан, “Ipak yo‘li” банки бош офисида 2 минг доллардан ортиқ маблағни нақд ечишга чеклов қўйилган. Бу ҳақда журналист ва блогер Азиза Қурбонова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Банкларда доллар дефицити кузатиляпти. Ҳатто, ҳамма мақтайдиган “Ipak yo‘li” банк бош офисида ҳам доллар ечишга 2000 долларгача чеклов қўйибди. Асос ва сабабни ҳеч ким айтиб беролмади”, дейди журналист.

Азиза Қурбоновага кўра, “Ipak yo‘li” банкининг Мирободдаги филиалида жисмоний шахсларнинг 3000 долларгача пул ечишига рухсат берилган.

“Шошганда филиалма-филиал юриш жуда муаммо. Пулини зарур миқдорда ечолмаётганлар билан шаҳар бўйлаб филиалларда учрашиб қоляпмиз, шу иссиқда. Дейлик, бугун 10 минг доллар керак бўлган одам камида 3-4 та филиалга бориши керак бўляпти. Битта йигит эса АҚШга кетиши керак — унга 40 минг доллар зарур. Менимча, тўсатдан мўъжиза юз бермаса, бу иш билан яна 3 кун юрса керак”, дея қўшимча қилди Азиза Қурбонова.

Қайд этиш керак, бир неча кун олдин бўлиб ўтган Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов иштирокидаги матбуот анжуманида банкларда нақд валюта етишмовчилиги бўлиши хавфи мавжуд эмаслиги, уларни нақд валюта билан таъминлаш учун етарли нақд валюта захираси шакллантирилгани таъкидланганди.

“Айрим қўшни мамлакатларда валюта чекловлар жорий қилиниши билан чегара олди ҳудудлари валютага талаб ошишига хатарни кўрмаяпмиз. Бунақа ҳолатлар учун чекловлар жорий қилишдан маъно йўқ”, дегани эди Марказий банк раиси.

Эслатиб ўтамиз, май ва июнь ойларида ҳам банкларда валюта танқислиги юзага келганди. Марказий банк буни қўшни давлатларда пул ўтказмаларини долларда бериш бўйича тақиқ ва чекловлар ўрнатилганини билан изоҳлаганди.

“Аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва захиралари мавжуд”, деган эди Марказий банк Матбуот хизмати.


Мақола муаллифи

Теглар

доллар

Баҳолаганлар

350

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made