Ўзбекистондаги авиабаза ҳақидаги маълумотларни яширгани учун Пентагон судга берилди

Олам

image

АҚШ армияси фахрийлари манфаатларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар Ўзбекистондаги Қарши-Хонобод авиабазасида ҳарбий хизматчиларни жойлаштириш чоғида саратон ва бошқа касалликларни келтириб чиқарган заҳарли моддалар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб қилиб, Мудофаа вазирлигини судга берди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар қилди.

Даъво Коннектикут федерал судига 3 апрель куни берилган. Шикоятчилар Пентагонни АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистонда бўлган вақтида (2001-2005 йиллар) K2 номи билан машҳур бўлган Қарши-Хонобод ҳаво базасида жойлашган хавфли моддалар, жумладан, уран, кимёвий қурол ва асбест ҳақидаги маълумотларни яширганликда айбламоқда.

Даъвога кўра, заҳарли моддалар ҳовузларга жойлаштирилган ва бу аскарларнинг ҳушини йўқотишига сабаб бўлган. Базада камида 15,8 минг ҳарбийлар хизмат қилган, уларнинг касалланиш ва ўлим ҳолатлари одатдагидан сезиларли даражада юқори бўлган.

Хонободда хизмат қилган ва ҳозирда Stronghold Freedom Foundation ижрочи директори бўлиб ишлаётган Метт Эрпелдингнинг айтишича, 2015 йилда ўтказилган дастлабки ҳарбий текширув K2 фахрийларининг бошқа жойларга юборилган ҳарбий хизматчиларга нисбатан саратон касаллигига чалиниш эҳтимоли беш баравар кўпроқ эканини аниқлаган. Ҳарбийларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар Қаршидаги базага етиб келганидан сўнг бошланган.

Эрпелдинг 2012 йилдан 2020 йилгача K2’да хизмат қилган ва у бошқарган жамғарма аъзоларидан камида 75 киши ва сўнгги 8 ой ичида яна 10 киши вафот этганини маълум қилган. 2020 йилда 2000 га яқин К2 фахрийлари иштирокида ўтказилган тадқиқотда деярли 1900 та касаллик, шу жумладан, 491 та саратон касаллиги қайд этилган. Респондентларнинг баъзилари кўплаб касалликларга дучор бўлганини айтган.

Армия расмийлари 2015 йилги тергов чеклангани ҳамда K2'даги хизмат ва касаллик ўртасида аниқ алоқа ўрнатмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Шунинг учун ҳозирда ҳеч ким K2 фахрийларининг қанчаси саратон касаллигига чалингани ва ундан вафот этгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Мудофаа ва фахрийлар ишлари бўйича бошқармалар эса бу масалани чуқурроқ ўрганмоқда.

“Биз ҳали ҳам K2’да ҳаво, сув ва қуруқликда нима яширинганини аниқ билмаймиз. Биз билмаймиз, чунки ҳукумат K2'да топилган заҳарли моддалар қайдларини ошкор этишдан бош тортмоқда”, дейди Stronghold Freedom Foundation бошқарув кенгаши аъзоси Ким Брукс. Унинг турмуш ўртоғи, полковник Тимоти Брукс 36 ёшида, K2’да хизмат қилганидан уч йил ўтмай, мия шиши туфайли вафот этган. 

Қўзғатилган даъвода Ўзбекистон жойлашган авиабазадаги заҳарли моддалар ва уларнинг ҳарбий хизматчиларга таъсири оқибатлари тўғрисида маълумот берилиши, бемор фахрийлар аниқ тиббий ташхис ва даволаниш, соғломлар эса зарур профилактика чораларини кўришлари талаб этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон жанубидаги Хонобод аэродроми 2001 йил октабридан 2005 йил ноябригача АҚШ ҳаво базаси сифатида фойдаланилган. Американинг илк самолётлари 2001 йилнинг 11 сентябридаги хуружларидан бир ой ўтиб Ўзбекистон жанубига қўнган. Аэробаза Ал-Қоида ва қўшни Афғонистонда жойлашган “Толибон” жангариларини нишонга олиш кампаниясида АҚШ кучлари учун логистика маркази бўлиб хизмат қилган. 2005 йил май ойида юз берган Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати америкаликлардан Хонободни тарк этишни талаб қилган.

2020 йилнинг ёзида АҚШда Пентагоннинг махфий ҳужжатлари эълон қилинган. Уларда K2’да хизмат қилган ҳарбийларнинг заҳарли моддалар ва радиация таъсирига тушган бўлиши эҳтимоли очиқланган. 2001 йилда ўтказилган тадқиқот натижалари эса база атрофидаги тупроқ самолёт ёқилғиси билан ифлосланганини кўрсатган. 2004 йилда ҳарбий хизматчиларнинг 100 фоизгача радиация билан ҳар куни алоқа қилиши аниқланган. Ҳужжатларга кўра, америкаликлар базага жойлаштирилгунга қадар у ерда совет ракеталари йўқ қилинган, бу эса тупроқнинг камайган уран (уран бойитишнинг ён маҳсулоти) ва асбест билан тўйинганлигига олиб келган.

2021 йил февраль ойида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили Қарши-Хонобод авиабазасида далаларда ишлов бериш учун ўғитлар сақланадиган кимёвий синов майдончаси бўлиши мумкинлигини таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, қўмита ҳақиқатан ҳам заҳарли моддалар ва радиация бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида ўз лабораторияларида тадқиқот олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон Ал-Қоида Толибон Пентагон Қарши-Хонобод авиабазаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг