Ўзбекистонда жамоат жойларида чекишни тақиқлаш режалаштирилмоқда

Жамият 2298
image

Ўзбекистонда чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойларининг аниқ рўйхатини тасдиқлаб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қуйи палата хабарига кўра, “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, амалиётда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши бўйича белгиланган қоидалар ва чекловларга риоя этиш даражаси пастлигини кўрсатмоқда. Сабаби, амалдаги қонун ҳужжатларида ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг кучсизлиги ва уларда ваколатли органларнинг назорат қилиш соҳасидаги вазифалари, жамоат жойларида тамакисиз муҳит яратиш учун масъул бўлган шахсларнинг мажбуриятлари белгиланмаган. Шунингдек, замонавий тамаки маҳсулотининг айланмасини тартибга солиш масалалари ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топмаган. Натижада аҳоли, айниқса ёшлар орасида бундай маҳсулотларни истеъмол қилиниши тез суръатларда ошиб кетмоқда.

Шунингдек, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишга яна бир зарурат – бу амалдаги қонун ҳужжатларида тамаки маҳсулотини реализация қилиш юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да кундалик ҳаётда бундай маҳсулотнинг чакана савдоси билан аксарият ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ноқонуний шуғулланишига сабаб бўлмоқда.

Лойиҳа билан мазкур йўналишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни реализация қилишга доир чекловлар кенгайтирилмоқда. Жумладан, бундай маҳсулот ва мосламаларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга ва йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан савдо ва реализация қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланмоқда ҳамда белгиланган қоидаларни ижро этилишини таъминлаш учун масъул шахслар мажбуриятлари аниқланмоқда.

Лойиҳанинг қабул қилиниши фуқароларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлари яратилишига эришилади.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 3.3
t
×