Ўзбекистонда ёшлар ва аёллар учун 100 миллион доллар маблағ ажратилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди. 

Ажратилаётган 100 миллион долларнинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги таъкидланди.

Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганишларда маълум бўлишича, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган.

“Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйсак, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашсак, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ишсиз ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари, туман ва шаҳар бандлик бўлими, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, Бош вазир қабулхоналари ва банкларнинг энг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Йиғилишда “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш муҳимлиги айтилди. Бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

“Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Улар билан ҳамкорликни кенгайтириб, жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлиги айтилди.

Бу ишларга “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилади. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.


Мақола муаллифи

Теглар

аёллар дафтари ёшлар дафтари

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг