Ўзбекистонда янги жамғарма ташкил этилади
Жамият
−
12 Февраль 12037 2 дақиқа
Ўзбекистонда Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 10 февраль куни қабул қилинган “Таҳлилий ва тадқиқотчилик фаолиятини ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Билдирилишича, жамғарма маблағлари Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида алоҳида очилган ҳисобрақамларда жамланади ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланган тартибда сарфланади.
Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади, жумладан:
- мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолият йўналишлари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;
- таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тадқиқотларни ўтказиш учун грантлар ажратиш;
- ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш.
Жамғарма маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.
Мувофиқлаштирувчи кенгашга қуйидагиларга рухсат берилади:
- Жамғарма маблағларини миллий ва хорижий валюталарда банк депозитларига жойлаштириш;
- грантлар ва беғараз техник кўмак воситаларини жалб қилиш;
- жисмоний ва юридик шахсларга тўлов асосида тадқиқотлар натижалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳамда тадбирларда иштирок этиш имкониятларини бериш.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалар фаолиятини ташкил қилиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилган ва унинг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, умумий мувофиқлаштириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов томонидан амалга оширилиши белгиланганди.
Live
Барчаси