Ўзбекистонда янги телеканал иш бошлади

Жамият

image

Бугун, 1 сентябрдани эътиборан Ўзбекистонда янги телеканал иш бошлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 11 июль куни “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. 

Бугун соат 12:00дан “Ўзбекистон тарихи” телеканали ўз эфирларини узатишни бошлади.

Канал Президент қарорига кўра, “UzHD” телеканали негизида ташкил қилинди ва у 5 йўналишда фаолият юритади. Ҳар бир йўналиш 5 таҳририят томонидан амалга оширилади: “Ўзбекистон тарихи“, “Жаҳон тарихи ва цивилизация“, “Археология ва музейлар“, “Илмий-оммабоп фильмлар“ таҳририятлари ҳамда “Тезкор дубляж“ студияси.

Ҳар бир таркибий бўлинма қошида ФА билан Меморандум доирасидаги келишувга асосан Экспертлар кенгаши фаолият юритади. Шунингдек, штат асосида илмий котиб ва маслаҳатчи ишлайди. Қарор билан юкланган устувор вазифа - мунозара майдончаси ташкил қилинган, яъни тўғридан-тўғри эфирда баҳс имконини берувчи юқори тиниқликда ишловчи студия ажратилган. Шунингдек, давра суҳбати, интервьюларга мўлжалланган кичик студия ҳамда академик дарс учун замонавий жиҳозланган синф хонаси ташкил қилинган. Дастурлар HD форматда, 24 соат узлуксиз эфирга узатилади.

Телеканал республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб тарқатиладиган рақамли кўрсатувнинг ҳаммабоп ижтимоий пакети таркибига киритилган.

Телеканалда Ўзбекистон телевидениесининг таниқли ижодкорлари Нозима Воҳидова, Шоира Рауфбоева иш бошлаган. 

Қуйидагилар “O‘zbekiston tarixi” телеканали фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари деб ҳисобланади:

•    минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигиникенг кўламда хабардор қилиш;

•    ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари”ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда тайёрлашни ташкиллаштириш;

•    буюк ватандошларимиз – олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш;

•    доимий ишлаб турувчи телевизион студия – “мунозара майдончаси” фаолиятини таъминлаш, Ўзбекистон тарихи бўйича илмий тадқиқотлар натижаларини, маданий ва кўҳна ёдгорликларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган бошқа ғоят муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш учун олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини таклиф қилиш;

•    чет элларга ижодий сафарлар давомида халқимизнинг моддий ва номоддий мероси, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган нодир қўлёзмалар, китобларни излаш, амалий санъат буюмлари ҳамда музейлар коллекцияларида, хорижий давлатларнинг илмий марказларида, шунингдек, жаҳон тарихий меросини ўрганаётган жамғармаларда сақланаётганқимматли топилмаларни ўрганиш натижалари бўйича махсус телекўрсатувлар тайёрлаш;

•    хорижий телеканаллар, илмий-тадқиқот марказлари ва жамғармалар томонидан тайёрланган, жаҳон тарихининг аҳамиятли лавҳаларини акс эттирувчи, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида минг йиллар давомида содир бўлган тарихий жараёнлар билан боғлиқ бўлган воқеалар ва шахслар тўғрисида ҳикоя қилувчи кўрсатувларни сотиб олиш, ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштириш ва миллий телерадиоканаллар эфирларида жойлаштиришга кўмаклашиш;

•    Ўзбекистон тарихи ва жаҳон тарихида ёрқин из қолдирган воқеалар

•    ва шахсларга бағишланган маҳаллий ва хорижий бадиий фильмларни мунтазам намойиш қилиш, шунингдек, ушбу мавзу бўйича мамлакатимиз кино санъати усталари билан бадиий фильмлар ва телесериаллар яратишда иштирок этиш.
 


Мақола муаллифи

Теглар

O‘zbekiston tarixi Ўзбекистон тарихи

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар