Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
27 Август 2020
4563Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича тақдимот билан танишди.
Давлат раҳбари Олий Мажлисга шу йил январь ойидаги Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналишига устувор аҳамият қаратилиб, улар жадал ривожлантирилишини таъкидлаган эди. Жорий йилда геология соҳаси ана шундай йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Шу мақсадда Президентнинг 4 та қарори қабул қилинди. Уларнинг ижроси доирасида соҳани модернизация қилиш ва рақамлаштириш, геологик қидирув кўлами ва самарадорлигини оширишга эришилмоқда.
“Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда. Уни ривожлантиришдан мақсад – табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, одамларни бой қилиш”, деди Шавкат Мирзиёев.
Биринчи навбатда геологик илм-фанни тиклаш ва замонавий кадрлар тайёрлашга замин яратилди. Хусусан, Геология фанлари университети ташкил этилиб, унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти бирлаштирилди.
Замонавий бурғулаш ва лаборатория ускуналари олиб келинди. Бунинг натижасида бурғулаш унумдорлиги 2019 йилга нисбатан 25 фоиз ошди. Жумладан, рудадаги элементларни аниқлаш кўлами 40 тадан 63 тагача кўпайди.
Йил бошидан буён 150 та янги кон давлат балансига олинди. Олтин, кумуш, уран, мис, молибден ресурлари ва захиралари кўпайди. Жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Кулжуктов ҳамда Ауминзотов тоғлари ҳудудида 3 та олтин, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳамда Жиззах вилояти Арнасой туманида 2 та уран кони аниқланди.
Шунингдек, 32 та геология-кон захираси халқаро JORC стандартларига ўтказилди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида 155 минг гектар майдонда тезкор гидрогеологик изланишлар олиб борилди. Сув танқис ҳудудларда суткасига қўшимча 90 минг кубометр таъминлайдиган сув захиралари тасдиқланди.
Тадбирда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ҳисоботи эшитилди. 20 та янги конга онлайн аукционда, очиқ ва шаффоф тарзда салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этиш жараёнининг бориши кўриб чиқилди.
Соҳадаги ишлар натижадорлигини ошириш, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция салоҳиятини янада кенгайтириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари келгуси йили геология-қидирув ишларини 2 баробар кенгайтириб, янги истиқболли майдонларни аниқлаш, соҳага замонавий лаборатория техникаларини жорий қилишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Геология қўмитасига саноат кооперацияси асосида янги конларни қидириш, топилган ресурсларни ўзлаштириш учун хусусий секторга бериш амалиётини янада кенг қўллаш бўйича топшириқ берилди.
Наманган тажрибаси асосида ҳар бир ҳудудда геологик, айниқса, гидрогеологик қидирувлар бўйича доимий экспедициялар ташкил этиш зарурлиги айтилди.
Фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларини ўзлаштириш самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Мутасаддиларга белгиланган чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь