Ўзбекистонда ўзлаштириш имкони бўлган 1 миллион гектардан ортиқ майдон мавжуд

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Ер ва сув ресурсларидан оқилона ҳамда унумли фойдаланилсагина юқори ҳосилдорлик ва барака бўлади. Лекин сўнгги 30 йил давомида ирригация тармоқларига эътибор берилмагани ва ерга хўжасизларча муносабатда бўлиш оқибатида 450 минг гектар суғориладиган майдонлар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолди. 

Айни пайтда мамлакатимизда ўзлаштириш имкони бўлган 1 миллион гектардан ортиқ майдон мавжуд. Ушбу ерларни ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш чораларини кўриш зарурлиги айтилди.

Йиғилишда ушбу майдонларни қайта ўзлаштириш бўйича самарали тизимни жорий қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 

Халқаро тажриба асосида фойдаланишдан чиққан ерларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўзлаштириш тартибини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бунда инвесторлар ўзлаштирилган ерларда экинларни мустақил жойлаштириш, ер майдонларини иккиламчи ижарага бериш ва зарур инфратузилма объектларини қуриш ҳуқуқига эга бўлишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Давлат раҳбари Жаҳон банкининг фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни битта туманда намуна сифатида давлат-хусусий шериклик асосида ўзлаштиришга қаратилган таклифини маъқуллаб, тегишли вазирликлар раҳбарларига мазкур лойиҳани амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Shavkat Mirziyoyev

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг