Ўзбекистонда “свет” ўчиши кўпайди. Энергетика вазирлиги узилишлар сабабини маълум қилди
Жамият
−
05 Июнь 2021
12003Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг турли ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар тарқалиб, тизимнинг аҳволи норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги мамлакат бўйлаб электр таъминотида кузатилаётгане узилишлар юзасидан расмий баёнот берди.
Вазирлик маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 – 3 июнь кунларига қадар республиканинг айрим ҳудудларида қаттиқ шамол эсиши натижасида дарахт шохларининг синиши ва айрим кўп қаватли бинолар том қисмининг кўчиши электр узатиш тармоқларининг шикастланишига олиб келган.
Бундан ташқари, шу кунларда ҳаво ҳароратининг исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб, бунинг натижасида носозликлар келиб чиқмоқда.
Ҳозирда жойлардаги ҳудудий электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан аварияга қарши гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида иссиқлик электр станциялари, электр узатиш тармоқлари ва газ таъминоти тизимида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
“Ушбу ишларни хавфсиз бажариш мақсадида режа-график асосида электр ва газ таъминотини тармоқдан ажратган ҳолда амалга оширилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Сардор Али Нурмат
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь