Ўзбекистонда сўнгги 50 йилдаги энг совуқ ва энг иссиқ декабрь ойи ҳақида маълумот берилди

Бу қизиқ

image

Ўзбекистонда бундан 39 йил илгари, 1984 йилда сўнгги 50 йилликдаги энг совуқ декабрь ойи кузатилган. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Айтилишича, 1984 йил декабрь ойида ҳаво ҳарорати кечаси -18/-23 даражагача, баъзи жойларда -25/-27 даражагача совиб кетган.

“2021 йил декабрь ойида эса сўнгги 50 йилдаги энг иссиқ ҳарорат кузатилган. Республика бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 2-4 даража юқори бўлган. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати кундузи 20-25 даражагача, жанубда 26-28 даражагача кўтарилган. Тошкентда декабрь ойи учун мутлақ максимал ҳаво ҳарорати 1915 йилда кузатилган, у 27,3 даража иссиқни ташкил этган. Декабрь ойи учун мутлақ минимал ҳаво ҳарорати, яъни 29,5 даража совуқ 1930 йилда қайд этилган”, дейилади Ўзгидрометнинг маълумотида.

Унга кўра, ўтган йилнинг декабрь ойи биринчи кунлариданоқ қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан ўзининг қишки мавсумдаги ўзгаришларини қайд этган. Одатий совуқ ҳаво деярли ойнинг ўрталарига қадар давом этган. Кечаси кўпчилик ҳудудларда ҳаво ҳарорати -10/-15 даражагача, шимолий ва чўл ҳудудларда -19/-24 даражагача пасайган. Фақатгина республика жанубида ва Фарғона водийсида ҳаво унчалик совуқ бўлмаган, минимал ҳарорат 1-6 даража совуқ атрофида бўлган.

Бундан ташқари, 2022 йили қор кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг марказий туманлари текисликлари бўйлаб қор қопламининг шаклланишига олиб келган ва бу ҳолат 10 кун давом этган. Максимал қор баландлиги 7-12 см, баъзи жойларда 13-17 см гача бўлган. Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги 40-90 см га етган.

Ўзгидромет жорий йилги декабрь ойида ҳаво ҳарорати нисбатан илиқ бўлишини прогноз қилган.

Марказнинг кутилмаларида келтирилишича, ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси -1/-6 даража совуққача, шимолда -8/-13 даража совуққача пасайиши ҳолатлари кузатилади. 

"Декабрь ойи учун бу нормал ҳолат, чунки бу қиш ойи. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати 15-18 даражагача, жанубда 20-22 даражагача кўтарилади”, дейилган Ўзгидрометнинг изоҳида.

Олдинроқ хабар берганимиздек, 11-14 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига шимолдан совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши давом этади. Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб боради ва 12-14 декабрь кунлари кечаси -10/-13 даража, кундузи -5/-8 даража совуққача, шимолда кечаси -17/-20 даража, кундузи -9/-12 даража совуққача пасаяди.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво Ўзбекистон Ўзгидромет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг