Ўзбекистонда СССРдагидек тартиб тикланади

Жамият

image

Ўзбекистонда собиқ Иттифоқ даврида бўлгани каби олий маълумотли кадрларни мамлакатнинг чекка ҳудудларига ишлаш учун юбориш амалиёти тикланади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ`га Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари, Урбанизация агентлиги директори Жасур Арипов маълум қилди.

Совет Иттифоқи даврида ОТМни тамомлаган талабаларнинг мамлакатнинг бошқа ҳудудига бориб ишлаши бўйича қатъий тизим йўлга қўйилганди. Мустақиллик даврида бу тартиб унутилиб кетди. 

“Биз Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепциясини тузиш вақтида ишни шу масаладан бошлаган эдик. Ҳозир ўша режаларимизни ҳаётга татбиқ қилиш ишлари кетяпти. Бу масала вазирлик даражасида кўриб чиқиляпти. Масалан, давлат грантида ўқиган одам билан шартнома тузиб, бирор жойга жўнатиш мумкин. Бу усул Совет Иттифоқида оммалашганди. Бир нарсани очиқ айтиш керак. Бугунги кунда бизда олий таълим даражаси бўйича кўрсаткичларимиз жуда паст. Ҳатто, Қозоғистонда 60 фоиздан ортиқ. Бизда эса 20 фоизга ҳам бормайди. Бугунги кунда биолог, техник-муҳандис, шифокор мутахассислар етишмайди. Бизда молиячи, иқтисодчи ва маълум даражада юристлар кўп”, деди Арипов.

Қайд этиш керакки, СССРдагидек тартиб сақланиб қолган мамлакатлар ҳамон бор. Масалан, Туркияда. Истанбулда ўқиган талаба мамлакатнинг нариги чеккасидаги қишлоққа ишлашга юборилиши мумкин. Бу ҳар қайси соҳага алоқадор, у хоҳ таълим, тиббиёт ёинки, ҳарбий соҳа бўлсин.

Бугун Ўзбекистонда инфратузилманинг ҳисобига барча Тошкентга тўпланяпти. Бунга ҳудудларда инфратузилманинг шакллантирилмагани сабаб бўляпти. Ҳолатни ўзгартириш учун таъсирли чоралар кўриш керак бўлади, албатта.

“Бирор вилоятдан келиб, ўқиган одам асосан инфратузилма шаклланган жойда яшаб қолишга ҳаракат қилади. Бизнинг ҳолатимизда бу – Тошкент. Вилоятларда бизда мутахассислар етишмайди. Буни бартараф қилиш учун биз шундай шароит яратишимиз керакки, вилоятдан Тошкентга келиб ўқиган Ўзбекистон фуқароси ортга қайгач рағбат бўлсин. Масалан, Андижон вилоятида рўйхатда турувчи фуқаро Сирдарё вилоятида ишлай олсин. Биласизми, Андижон вилоятининг ҳудуди кичик лекин умумий аҳолининг 10 фоизини қамраб олган. У ердаги аҳоли зичлигини тасаввур қила оласизми? Уларда иқтидорли кишилар кўп. Фақатгина ўтган йили андижонлик спортчилар турли мусобақаларда 2 мингдан ортиқ медаль ва совринли ўринларни қўлга киритган. Буларнинг орасида боксчилар, курашчилар бор. Яна уларнинг барчаси ўша ерда яшайди. Нега улар бошқа вилоятда яшамайди, ижод қилмайди ва ишламайди? Ахир, бунинг иложи бор, биз бир мамлакатда яшаяпмиз. Концепциясини ўқиб чиқсангиз унда биз одамларни ўз хоҳиши билан кам аҳолили жойларга кўчиб боришга қизиқтириш учун ижтимоий пакетлар, маълум шароитларни яратишимиз белгиланган. Мақсадли, лекин ўз хоҳиши билан”, деб фикр билдирди Агентлик директори Арипов.


Мақола муаллифи

Теглар

урбанизация Жасур Арипов

Баҳолаганлар

284

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг