Ўзбекистонда совуқ қурол олиб юрганлик учун жавобгарлик белгиланади

Жамият 3771
image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилади:

қуйидаги мазмундаги 185-2 ва 185-3-моддалар билан тўлдирилади:

 “185-2-модда. Совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш

Касбий ёки спорт фаолияти ёхуд маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юриш - совуқ қурол ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш - совуқ қурол ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

185-3-модда. Совуқ қуролларнинг қонунга ҳилоф муомаласи

Тиғининг ёки кескичининг (дамининг) узунлиги тўқсон миллиметрдан ортиқ бўлган, тугмаси ёки пишанги босилганда сопидан автоматик равишда чиқариладиган ва маҳкамланадиган ёхуд оғирлик кучи ёки тезкор ҳаракат ҳисобига сурилиб чиқадиган ҳамда автоматик равишда ўрнашадиган тиғли совуқ қурол ва пичоқларнинг, шунингдек қурол сифатида қўллаш учун махсус мослаштирилган зарб бериб-парчаловчи ва улоқтирувчи таъсирга эга ашёларнинг (гурзилар, кастетлар, сурикенлар, бумеранглар ва бошқа ашёларнинг) қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш - совуқ қурол ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 88
Рейтинг: 3
t
×