Ўзбекистонда шакар арзонлашди – Рақобат қўмитаси 

Жамият

image

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистондаги деҳқон бозорлари (элга хизмат расталари) ва йирик савдо тармоқларида шакар маҳсулотининг чакана нархи аввалги вақтга нисбатан арзонлашиб, унинг 1 килограмми учун 13 000 сўмдан сотилиши таъминланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда қўмитанинг махсус баёноти эълон қилинди.

Қайд этилишича, ички бозорда шакарга бўлган эҳтиёж бир йилда ўртача 600 – 650 минг тоннани ташкил этиб, маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи корхоналарда (қуввати 1,2 млн тоннадан ортиқ) эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконияти мавжуд.

“Хусусан, бугунги кун ҳолатига маҳаллий шакар заводларида 258 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган.  Шундан, омборда 22 минг тонна тайёр шакар ва 83 минг тонна хомашё, шунингдек, июнь ойига қадар 153 минг тонна хомашё етказиб берилади. Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи чорагида республикага  жами 65,5 минг тонна шакар, асосан Россия, Қозоғистон ва Беларусь давлатларидан импорт қилинган”, дейилади қўмита хабарида. 

Билдирилишича, кеча, 16 апрель кунидан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган шакар маҳсулотининг кунлик ҳажми  20 фоизга (2 100 тоннадан – 2 500 тоннага) оширилиб, бошланғич нархи 6 фоизга (13 600 сўмдан – 12 860 сўмга) пасайтирилди. 

Маълум қилинишича, бугунги кунда (16 апрель ҳолатига кўра) маҳаллий корхоналар томонидан биржа савдоларига жами 2 500 тонна шакар маҳсулоти бошланғич нархи 12 860 сўмдан қўйилиб, 88 фоизи (ёки 2 206 тнси) 1 кг учун ўртача 13 039 сўмдан реализация қилинган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Федерацияси 2024 йил 31 августгача шакар ва хом шакар экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этиши хабар қилинганди.  Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Россия Ўзбекистонга шакар етказиб беришни тўхтатиши республика ички бозорида шакар нархининг қимматлашувига олиб келиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга муносабат билдириб, нафақат Россиядан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам тайёр шакар маҳсулоти импорти чеклансада, маҳаллий корхоналар томонидан ички талабни тўла қондириш имконияти мавжуд эканини маълум қилганди.

Диёрбек Олимов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг