Ўзбекистонда рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Жамият

image

Энди ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан товарларни (маҳсулотларни) идентификация қилиш йўли билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш сотув амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф даромадга тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бу ҳақда жорий йилнинг 13 июнидан бошлаб кучга кирган “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Қонунга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини ва саноат товарларини (маҳсулотларини) уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотиши, худди шунингдек сотиш мақсадида олиш товарларни (маҳсулотларни) мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, товарларни (маҳсулотларни) мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Товар белгисида ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган ери тўғрисида ахборот мавжуд бўлмаган товарларни реализация қилиш, худди шунингдек реализация қилиш мақсадида олиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонунчиликда мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 166-моддасига кўра, ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан товарларни (маҳсулотларни) идентификация қилиш йўли билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш сотув амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф даромадга тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

маъмурий жавобгарлик рақамли маркировкалаш

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг