Фарзандини ноқонуний диний таълимга жалб этган ота-оналар жавобгарликка тортилади
Жамият
−
21 Февраль
3211Фарзандини ноқонуний диний таълим олишга жалб этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу кеча, 20 февраль куни қабул қилинган қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунда белгиланди.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги, улар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотларга ёхуд махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълимни амалга ошираётган шахсларга диний таълим олиш учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланди.
Қайд этилишича, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 февраль куни Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун маъқулланганди.
LiveБарчаси