Ўзбекистонда Оксфорд талабалари учун ёзги мактаб ташкил этилди
Local
−
10:27 222 2 minutes
Ўзбекистонда Оксфорд талабалари учун ташкил этилган “Ёзги мактаб” таълим лойиҳасига кеча, 31 август куни старт берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2025 йил октябрь ойида Оксфорд университетига ташриф буюриб, университетнинг Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари факультетида Ўзбекшунослик дастурининг расмий очилишида иштирок этган эди.
Қайд этилишича, мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон ва Оксфорд ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзбек тили ва маданиятини халқаро академик муҳитда кенг ўрганиш учун янги имкониятлар яратилган.

Энди ушбу ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида Оксфорд талабалари учун Ўзбекистонда “Ёзги мактаб” ташкил этилди. Кеча, 31 август куни ушбу таълимий лойиҳага старт берилди.
Маълум қилинишича, бир ой давомида Оксфорд талабалари ўзбек тилини бевосита тил муҳитида ўрганиш, миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз ва юртимизнинг бой тарихи билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.

Ёзги мактаб дастуридан Тошкент, Самарқанд ва Бухорога сафарлар, ўзбек тили дарслари, маданий тадбирлар ва маърифий учрашувлар ўрин олган.
Энг муҳими, “Ёзги мактаб” орқали Оксфорд талабалари ўзбек тилини нафақат ўрганадилар, балки Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўриб, халқимиз маданияти ва қадриятларини бевосита ҳис қиладилар.
“Ўтган йилнинг октябрь ойида Оксфордда ташаббусимиз билан бошланган Ўзбекшунослик дастури изчил йўлга тушиб, ўзининг ажойиб амалий натижаларини бераётганидан беҳад мамнунман”, дея таъкидлаган Саида Мирзиёева.
Live
All