Ўзбекистонда ОИТСга чалинганлар сони ошди 

Жамият

image

Ўзбекистонда Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан яшаб келаётганлар сони бугунги кунда 48 минг кишидан ортиқни ташкил этмоқда. 2030 йилга келиб Ўзбекистонда ОИТС касаллиги юқишига тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган. Бу ҳақда АОКАда Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди

Республика бўйлаб ОИВ инфекциясига қарши курашиш Ҳукумат раҳбарлигида олиб борилмоқда, жумладан, 2018 йилда 3493 ва 3800-сонли қарорлар қабул қилинди ва ижроси натижасида эса 63 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар ОИТСга қарши кураш марказлари тасарруфига ўтказилиб, зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланди, ҳар бир вилоят юқумли касалликлар шифохоналари негизида 5 тадан 40 тагача ОИВ беморларга хизмат кўрсатадиган ўринлар ташкил этилган.

Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, матбуот анжуманида 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекциясига чалинган болалар ҳақида ҳам тўхталиб, уларга ижтимоий нафақалар бериб келинаётгани айтилди.

“Республикамизда ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш учун, ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узулуксиз таъминоти амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 99,7% болалар соғлом бўлишига эришилмоқда”, дейилган хабарда.

Билдирилишича, 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун, 2025 йилга қадар “95-95-95” стратегиясига эришиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган бўлиб, бу стратегияни амалга ошириш учун ОИВга текширувлар сонини янада оширилиши талаб этилади. Бунинг учун Республикадаги ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро лабораторияларнинг ҳам бир қисмида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш лозим бўлади. “95-95-95” тамойилига кўра, ОИВ юқтирган беморларнинг 95 фоизи ўз статусини билиши, беморларнинг 95 фоизи махсус терапия билан қамраб олиниши, беморларнинг 95 фоизида вирус юкламасини паст даражага тушишига 2025 йилгача эришиш ва 2030 йилда ОИТС касаллигининг юқишига барҳам бериш мақсад қилиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида эълон қилинган статистикада ОИВ касаллиги билан яшаб келаётганлар сони 45 минг экани маълум қилинганди. Янги статистика эса мазкур рақам 3 мингга ошганини кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

ОИВ ОИТС Одамнинг иммунитет танқислиги вируси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг