Ўзбекистонда наркожиноятчиликка қарши жазо кучайтирилади
Жамият
−
16 Октябрь 2023
4898Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қонун қабул қилингудек бўлса, тақиқланган ўсимликларни, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва ўтказишга нисбатан жазо кучайтирилади.
Шунингдек, бошқа шахсларга ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва сақлаш учун ҳам жавобгарлик қаттиқ бўлади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасига (енгилроқ жазо тайинлаш) 4-банд қўшилган. Унга кўра, модданинг қоидалари ўта хавфли такрорий жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Маълумот ўрнида, қайта содир этиш жиноятларнинг энг хавфли турларидан бири ҳисобланади. Ўта хавфли такрорий жиноят мақомига эга бўлган шахслар ёш авлодга салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, қонун ҳужжатларида энг кам миқдордан кам жазо тайинлаш ёки айниқса, жиноят содир этганлик учун Жиноят кодексида назарда тутилган бошқа енгилроқ жазо турини белгилаш тақиқланади.
Аввалроқ, Тошкентда яширин лаборатория ташкил этиб, психотроп моддаларни тайёрлаш билан шуғулланган олти киши қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси