Ўзбекистонда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилади (видео)
Жамият
−
08 Май 2023
17601Янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат Президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, Шавкат Мирзиёев муҳим фармонни имзолади. Унга мувофиқ, мамлакатда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 8 май куни давлат раҳбари референдум якунларига бағишланган чиқишида маълум қилди.
“Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман? Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёевга кўра, янгиланган Конституция Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.
“Халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Бундан ташқари дунёда ва минтақада кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланаётгани қайд этилди.
“Азиз ва муҳтарам ватандошлар, барчангиз кўриб турибсиз, олдимизга бугун янада улкан марралар қўймоқдамиз.
Бундан буён ҳам, давлат ва жамият ҳаёти, бугунги ва келгуси тараққиётига оид ҳар бир масала бўйича фақат ва фақат сизлар, донишманд, бағрикенг халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.
Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган.
Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ.
Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади", деди Президент.
Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар юрт тинчлиги ва унинг равнақига, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирилди.
Учрашув якунида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди.