Ўзбекистонда муаммоларга ечим берган ёшлар мукофотланади
Жамият
−
16:00 362 2 дақиқа
Ўзбекистонда вазирлар ва ҳокимлар муаммоларга ечим берган ёшларни мукофотлайди. Бу ҳақда кеча, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда маълум қилди.
“Биз 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишни режа қилганмиз. Бунга эришиш учун барча соҳаларга янги ғоя олиб кирадиган инновацион стартаплар керак”, дейди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, сўнгги тўққиз йилда маҳаллий стартап экотизими 15 баробар ўсиб, 4 миллиард доллардан ошган. Венчур жамғармалар сони 23 тага, уларнинг умумий капитали 200 миллион долларга етган. Ўтган даврда 1 минг 200 дан зиёд истиқболли стартап лойиҳалар пайдо бўлган. Айни йўналишда 3 мингдан зиёд ёшлар юқори даромад топяпти.
Ушбу йўналишдаги ишлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. “Глобал стартап индекси”да Ўзбекистон 31 поғона кўтарилиб, дунёда энг тез ривожланаётган стартап экотизими, “2026 йил мамлакати” деб эълон қилингани ҳам бунинг яққол исботи.
Шунингдек, учрашувда ҳали бу соҳада жуда катта имкониятлар борлиги таъкидланган. Энди ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳокимлар “1 мингта масалага – ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳасини ишга туширади.
Бунда ҳар бир раҳбар ўз тизимидаги долзарб муаммоларни очиқ платформада жойлаштириб, энг яхши ечимлар учун мукофот эълон қилади. Бунинг учун ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғарма ташкил этади.
Ушбу маблағлар ғолибларни мукофотлаш ва 20 тадан энг яхши стартапни ғоядан амалиётгача барча босқичларни молиялаштиришга сарфланади.
Ёшлар агентлиги бизнес, АТ, креатив иқтисодиёт йўналишида 100 та энг яхши лойиҳани танлаб, уларга 1 миллиард сўмгача инвестиция киритади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувда Ўзбекистонда салоҳиятли ёшлар жуда кўплигини, вазир ва ҳокимлар ёшларга ишонч билдириб, масъулиятли лавозимга қўйишдан чўчимаслиги кераклигини айтган эди.
Live
Барчаси