Ўзбекистонда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш бўйича қонун қабул қилиниши кутилмоқда

Жамият 6263
image

“Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Қонун мамлакат Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг муҳокамаси 2 сентябрга қадар давом этади. 

Қонуннин 1-моддасида қайд этилишича, ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш  билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.

Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий тамойиллари сифатида қукйидагилар белгиланган: 

•    фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

•    қонунийлик;

•    ихтиёрийлик;

•    оммавийлик ва очиқлик;

•    тинч асосда  ўтказилиши;

•    томонларнинг ўзаро жавобгарлиги.

Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:

•    уларни конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиш;

•    давлат органлари ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг иш  фаолиятига тўсқинлик қилиш;

•    шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи атайин ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш;

•    митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиладиган ҳудудда транспорт воситаларидан фойдаланиш;

•    ниқоб ва улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи ва бошқа воситалардан фойдаланиш, шунингдек инсон ҳаётига тахдид солиши ва соғлиғига шикаст етказиши ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмалар (шу жумладан, қўлбола), санчувчи ёки кесувчи предметлар ҳамда қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа буюмларларни, тез аланга оладиган, ёнувчан, ўткир, кучли таъсир қилувчи, заҳарли моддалар, пиротехника буюмлари, радиоактив ва бошқа моддалар, буюмлар ҳамда маҳсулотларни ёнида олиб юриш ва ундан фойдаланиш;

•    алкоголь ичимликлар, гиёҳванд моддалар ёки бошқа моддалар таъсири остидаги маст ҳолатда уларда иштирок этиш, шунингдек спиртли ичимликлар, психотроп ва инсон иродаси ва ақлий фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш.

•    Агарда олдиндан митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, уларни ўтказишда иштирок этишга даъват этиш орқали тарғибот юритиш, шунингдек митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш мақсадида ушбу Қонун билан тартибга солинмайдиган оммавий ва бошқа тадбирлардан фойдаланиш тақиқланади.

Қуйидаги ҳолатларда митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади:

•    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар;

•    референдум ўтказилишидан бир кун олдин ва сайлов участкаси ёпилгунга қадар;

•    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг алохида қарорлари асосида ўтказилаётган муҳим давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида, улар ўтказиладиган шаҳар ва туманлар ҳудудларида.

Ушбу Қонунга мувофиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш қоидаларига амал қилинишини таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин.

Қуйидаги шахслар ташкилотчилик қила олмайди:

•    суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;

•    психиатрия ёки наркология муассасаларида рўйхатда турган шахслар;

•    судланган, озодликдан маҳрум этилганлар сақланадиган жойда ва пробация хизмати назоратида бўлган шахслар;

•    оммавий тартибсизликларда иштирок этганлиги, давлатга хоинлик қилганлиги, конституциявий тузумга тажовузкорлик қилганлиги, экстремистик ва террорчилик жиноятларини содир этганлиги, митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлиги учун озодликдан маҳрум этилган ва судланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

•    чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;

•    республика ҳудудида фаолияти тугатилган ёки рўйхатдан ўтмаган, шунингдек қонунда белгиланган тартибда фаолияти тўхтатилган нодавлат нотижорат ташкилотининг аъзоси ёки раҳбари ҳисобланган шахслар.

Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

•    маҳаллий ижро этувчи хокимият органларининг рухсати билан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш;

•    дастлабки ташвиқотлар ўтказиш;

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш давомида товушнинг баландлик даражаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган, товушни кучайтирувчи техника воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ аудио-видео қурилмалар, плакатлар, транспарантлар ва бошқа кўргазма ташвиқот воситаларидан фойдаланиш;

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларидан жамоат тартибига ва уларни ўтказиш регламентига амал қилишларини талаб қилиш.

Ташкилотчининг мажбуриятларига қуйидагилар киради:

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун мазкур Қонуннинг 12-моддасида белгиланган тартибда, уларни ўтказиш тўғрисидаги регламентни илова қилган ҳолда, маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ариза тақдим этиш;

•    рухсат олингандан кейин митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тўғрисидаги регламентда кўрсатилган ёки махаллий ижро этувчи давлат органлари томонидан ўрганиш натижасида ўзгартирилган шартларга амал қилинишини  таъминлаш;

•    регламентга ҳамда маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаган иштирокчиларни митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойидан ташқарига чиқариш (олиб чиқиш) чораларини кўриш;

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойидаги дов-дарахтлар, хоналар, бинолар, иморатлар, иншоотлар, жиҳозлар, мебеллар, инвентарлар ва бошқа мулкларнинг сақланишини таъминлаш, йўл ҳаракатига тўсқинликнинг қилинишининг олдини олиш чораларини кўриш.

•    ташкилотчини  фарқловчи белгини тақиш.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ўн олти ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчилари бўлиши мумкин.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар мақсадларига мувофиқ бошқа жамоат ҳаракатларининг қарорларини муҳокама қилишда ва уларни қабул қилишда, иштирок этиш;

•    фуқароларнинг талабларини ва бошқа мурожаатларини қабул қилиш ҳамда маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига, давлат органларига ва ташкилотларга юбориш.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг мажбуриятлари:

•    ушбу Қонун талабларига амал қилиш;

•    маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари вакиллари ва ташкилотчининг  қонуний талабларини бажариш.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсатнома олиш

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун маҳаллий ижро этувчи органларга ариза тақдим этилади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари) томонидан маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишигача ўн беш иш кунидан кам  бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.

Аризага митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш регламенти (кейинги ўринларда – Регламент) илова қилинади, унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

•    ижтимоий фаолликнинг шакли (митинг, йиғилиш ва намойишлар, шу жумладан кўча юриши, пикет ўтказиш ва флешмоб);

•    митинг, йиғилиш ва намойишларнинг мақсади;

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиладиган жой (жойлар), иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналишлари;

•    митинг, йиғилиш ва намойишларнинг бошланиш ва тугалланиш санаси ва вақти;

•    митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг тахминий сони;

•    митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишда фойдаланиладиган тарғибот материалларининг рўйхати, шунингдек, товушни кучайтирувчи техник қурилмалар;

•    ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари)нинг фамилияси, исми, шарифи, шунингдек, у/уларнинг яшаш манзили ёки турар жойи, телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар;

•    митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил қилиш ва ўтказишни молиялаштириш манбалари.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи томонидан, унинг йўқлигида эса,  вакили (вакиллари) томонидан имзоланади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 3.1
t
×