Ўзбекистонда Меҳрибонлик уйлари тезкор Интернет билан таъминланади
Жамият
−
28 Июль 2021
3367Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилаётгани ҳақида хабар бергандик.
Давлат раҳбари йиғилишда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчасини компьютер ҳамда Интернет билан таъминлаш тўғрисида буйруқ берди.
“Бир ой муддатда ҳарбир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаси камида 20 тадан энг замонавий компьютер ва тезкор Интернет билан таъминлансин”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Президент Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасида ахборот технологиялари бўйича курс ташкил этишни ҳам буюрган.
“Бир ой муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаси Инха университети, Ахборот технологиялари университети, IT марказ ва паркларга боғлаб, ўқув курсларини ташкил этилсин”, дейди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, Молия вазирлиги ушбу лойиҳаларга маблағ ажратиш ва унинг самарали ишлатилишига жавобгар бўлади.
“Молия вазирлиги ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаларига ўз тизимидаги иккитадан мутахассисни доимий бириктириб, ўз вақтида молиялаштириш ва ажратилган маблағларни самарали ишлатишга жавоб беради”, дейди Президент Мирзиёев.
Бундан ташқари, шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйларини Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлари оталиққа олади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Президент Администрацияси – Яшнободдаги 30-сон, Вазирлар Маҳкамаси – Юнусободдаги 23-сон, Давлат хавфсизлик хизмати – Бўкадаги 15-сон, Бош прокуратура – Самарқанд шаҳридаги 1-сон, Чегара қўшинлари – Бухоро шаҳридаги 32-сон, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – Марғилондаги 1-сон, Божхона қўмитаси – Қўқондаги 12-сон Меҳрибонлик уйлари, Мудофаа вазирлиги – Андижон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” билан шахсан шуғулланиб, йил якунига қадар уларнинг барча муаммоларини ҳал этиб беради.
“Меҳрибонлик уйларида тарбия олаётган қизларимизнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифаларидан бири бўлади. Ушбу қизларнинг барчаси “аёллар дафтари”га киритилиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда Меҳрибонлик уйларидан кейинги ҳаётидаги ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашилади”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 28 июль куни 21-Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифи берилди. Бугунга қадар Меҳрибонлик уйлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Халқ таълими вазирлиги таркибида бўлган.
LiveБарчаси