Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта уч босқичда жорий қилинади

Жамият 1355
image

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш уч босқичда амалга оширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Дунёнинг кўплаб давлатларида мажбурий тиббий суғурта тизими жорий қилинган. Мамлакатимизда бу йўналишдаги қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш жараёнида жаҳонда шаклланган моделлар пухта ва атрофлича ўрганилди. Шу билан бирга, миллий хусусиятларимиз ҳам ҳар томонлама таҳлил этилди. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бандлик даражалари, солиқ ставкалари, ойлик даромадлари ўрганилиб, мажбурий тиббий суғуртанинг ҳозирги кунда оптимал ва ижобий баҳоланиб келинаётган бюджет модели танлаб олинди”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўлими бошлиғи Афзалхўжа Абдуқодиров.

Таъкидланишича, бу моделни бирламчи даражада амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг шаклланиш манбалари этиб давлат бюджети билан бир қаторда инсон соғлиғига зарар келтирувчи (тамаки, алкоголь, шакар ва ёғ миқдори кўп бўлган) маҳсулотларга қўлланиладиган акциз солиқлари ҳамда экологияга зарар етказувчи корхоналардан қўшимча ажратмалар ташкил этиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан босқичма-босқич жорий этилиши лойиҳалаштирилган. Бунда, биринчи босқич 2021 йилда пилот сифатида Сирдарё вилоятининг барча туманларида жорий этилади. Мазкур вилоятда тиббиёт муассасаларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат ҳажми ҳамда жон бошига ва ҳар бир даволанган шахс учун тўлов тизимини яратиш белгилаб ўтилган.

Иккинчи босқичда 2023 – 2025 йиллар давомида яна олтита вилоятлар қамраб олинади. Учинчи босқичда 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудлар тўлиқ қамраб олинади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 3.2
Будьте в курсе событий!
×
×