Ўзбекистонда Марказий Осиё институти ташкил этилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг илк кунлариданоқ Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида катта эътибор қаратиб келмоқда.

Бу борада Президент Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси олий минбаридан туриб, қатор муҳим ташаббусларни, жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк Маслаҳат учрашувини ташкил этиш бўйича таклифни илгари сурган эди. Ушбу мулоқот форматининг иккинчи йиғилиши Тошкентда ўтказилди ҳамда минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни, ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш йўлида тарихий воқеа бўлди.  

Айтиш жоизки, ўтган тўрт йилда Ўзбекистоннинг минтақадаги барча давлатлар билан алоқалари том маънода стратегик шериклик босқичига кўтарилди, олий даража ишончли ва очиқ сиёсий мулоқотлар йўлга қўйилди. Минтақадаги мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўптомонлама шериклик алоқалари, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. 

Маслаҳат учрашувининг иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари, амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида ўтган ойда Президентнинг алоҳида қарори билан Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилган эди. 

Институтнинг асосий вазифалари сирасига энг аввало, минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш киради. 

Минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишларни, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ турли бошқа таҳдид ва муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқот ишларини олиб боради. 

Қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга турли лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади ва бўлиб ўтадиган минтақавий халқаро илмий анжуман ва тадбирларда бу мавзуларни муҳокама қилади.

Ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиё халқаро институтининг ташкил этилгани Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, минтақавий интеграция жараёнларини чуқурлаштиришга хизмат қилади.  


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё институти

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг