Ўзбекистонда коронавируснинг қайси тури кўпроқ тарқалаётгани очиқланди

Интервью

Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кўпроқ тарқалмоқда? Бу ҳақдаги савол билан QALAMPIR.UZ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековга юзланди. 

“Ҳозирги таҳлиллар шуни кўрсатяптики, Ўзбекистонда ҳиндча ва британча штаммлар кўпроқ учрамоқда”, дейди Отабеков суҳбатда. 

Матахассиснинг қайд этишича, айни вақтда Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда ўтган йилгидан фарқли йўлни босиб ўтмоқда. 

“Дастлаб Ухань штамми билан ишлаган эдик. Бу сафар Британия ва Ҳиндистонда идентификация қилинган турлари кўпроқ тарқалганига гувоҳ бўляпмиз. Касалликнинг тарқалиш тенденцияси ўзгариб, болаларнинг иштироки ортиб бормоқда. Бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: мутация жараёни табиий ҳолат. Уни фожиа сифатида қабул қилмаслик керак. Боиси вируслар ўзгарувчан. Улар тур ёки туркум сифатида сақланиб қолиши учун улар ўзгарувчанликка мойил. 

Уларнинг асосий мақсади – ўзгариш баробарида ўз ҳаётини сақлаб қолиш. Москвада бир ҳамкасбим билан “Red” журналини ўқиб қолдик. Унда бир фикр олға сурилган эди. Бу Академик Рилликовнинг деритизация, яъни кемирувчиларга қарши курашга қаратилган фикрлари эди: “Агар каламушларни йўқ қилиш ҳақида ўйлаётган бўлсанг, улар оёғинг тагида сендан қандай қутулиш ҳақида йиғилиш ўтказяпти”.

Бу балки мажозий ўхшатишдир, лекин вируслар мутация орқали одамлар билан тинч ва оқибат қилиб яшаб қолиш учун мулоқотга кириша бошлайди. Шунинг учун, респиратор вируслар грипп, коронавирус, ревирус кўринишида намоён бўлаверади. Ўз вақтида гриппдан, қизамиқ ва вирусли гепатитдан йилига миллионлаб инсонлар вафот этди. Охир-оқибат ёки биз вакцина яратдик ёки у инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилдик. Энди у ҳам нормал инсон каби яшай олади. Тиббиёт сифати бунга йўл очмоқда”, дейди Нурмат Отабеков. 

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганига ҳам қарийб бир йилу 4 ой бўлмоқда. Айни вақтда мамлакатда коронавирусга чалинган беморларнинг расмий сони 117409 нафарни ташкил этмоқда. 

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабековга кўра, айни вақтда коронавируснинг 5000 дан 7000 тагача турлари мавжуд.

“Дастлаб COVID-19 штамми ҳақида гапира бошладик, вақт ўтиб, кейинчалик унинг британча, бразилияча, африканча, ҳиндча штаммлари ҳақида айтилди. Уларнинг ҳудудига қараб, янги ном берила бошланди. Мутахассисларнинг аниқлашича, COVID-19 нинг 5000 дан 7000 гача янги турлари пайдо бўлган (!). 

Бир қарашда жуда катта рақам, агар уларнинг ҳаммасига ном берсак, адаштириб қўйишимиз аниқ. Нега янги штаммларга алоҳида эътибор қаратдик, боиси, у ердаги лабораторияларда олинган таҳлиллар натижасида вируснинг янги хусусиятлари пайдо бўлиши ва ўрганилиши мумкин”.

Нурмат Отабеков билан бўлиб ўтган суҳбатнинг тўлиқ видео талқинини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

вакцина Нурмат Отабеков

Баҳолаганлар

420

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг