Ўзбекистонда келаси йил 1,5 млн аҳоли камбағалликдан чиқарилади

Жамият

image

2025 йилда 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш режа қилинмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқотда маълум қилинди.

Қайд этилишича, келгуси йилда маррани катта олиб, ялпи ички маҳсулотни 120 миллиард долларга, экспортни 30 миллиардга етказиш, инвестицияни 42 миллиарддан ошириш, 5 миллион аҳолини банд қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш режа қилинмоқда.

Шу йилнинг ўзида хусусий секторда даромад солиғи тўловчилар сони 365 мингга кўпайган. Кейинги вазифа уларнинг даромадини кўпайтириб, муносиб ҳаёт кечириши учун етарли шароит яратишдан иборат. 

Лекин, хусусий сектордаги ишчиларнинг 30 фоизида расмий ойлик 1 миллион сўмдан кам қилиб кўрсатилган. Айниқса, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда бу масала жуда долзарб экани таъкидланди. Бу асосан тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида учраяпти.

Бу ҳолатнинг сабаб-омилларини бартараф этиш мақсадида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилди.

Масалан, тўқимачилик ва чарм соҳаларида камида 2,5 миллион сўм ойлик тўлайдиган, 15 фоиз ишчиси эҳтиёжманд оиладан бўлган тайёр маҳсулот чиқарувчи тадбиркорларга енгилликлар берилади.

Бундай корхоналарнинг фойда солиғи ҳам, ишчисини даромад солиғи ҳам 1 фоиз бўлади. Бу имтиёзга жавобан улар 50 минг эҳтиёжманд одамни ишга олади.

Давлат бошқа тармоқлар учун ҳам бу йил тугайдиган имтиёзларни мана шундай ижтимоий мезон билан узайтиришга тайёр.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон камбағаллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг