Ўзбекистонда кексайишнинг айни вақти

Жамият 17185
image

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб шароити оғир ва кам таъминланган кексаларнинг дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари давлат томонидан олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади. Бу ҳақда кеча, 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгиланди. 

Қарор билан кексаларга қуйидаги шароитлар яратилмоқда: 

•  жамғарма маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади; 

•  шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари;

•  тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади; 

•  оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.

Бунда, дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади.

Шунингдек, кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари, давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бундан ташқари, кексаларнинг республикадаги диққатга сазовор жойларга сайёҳлик сафарларини ташкил этиш мақсадида иккита замонавий автобус харид қилинади ҳамда тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойлар рўйхати шакллантирилиб, туманлар (шаҳарлар) кесимида автобуслар қатновлари графиги тасдиқланади.

Жорий йилда жамғарма маблағларининг амалда ўзлаштирилишига қараб давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 368
Рейтинг: 3
t
×