Ўзбекистонда карантин давридаги дастлабки ички рейс амалга оширилди
Жамият
−
20 Май 2020
8931Бугун, 20 май куни маҳаллий вақт билан соат 9:50 да Термиз халқаро аэропорти карантин давридаги дастлабки ички рейсни қабул қилди. 36 нафар йўловчи “Тошкент – Термиз” йўналиши бўйича парвозни амалга оширди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Термиз халқаро аэропортида ички рейсларни қабул қилишга пухта ҳозирланган. Дезинфекция хонаси ташкил этилиб, термометрлар, антисептик ва масофани сақлашни эслатувчи афишалар харид қилинган.
“Ижтимоий масофани таъминлаш мақсадида аэровокзал биноси махсус тасма билан ҳудудларга ажратилган, йўлакчаларда махсус афишалар жойлаштирилган. Шунингдек, аэропорт автобуси ҳам полиэтилен ёрдамида хоналарга бўлинган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, аэропортнинг рейс давомида ишлайдиган барча ходимлари ҳимоя комбинезонлари, қўлқоплар ва ниқоблар билан таъминланган.
Маълумот ўрнида, Республика махсус комиссияси томонидан 2020 йил 18 май кунидан бошлаб Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклашга рухсат берилганди.